Фарғонада ноқонуний диний сабоқ бериш ҳолатлари аниқланди

16:31 17 Июль 2025 Жамият
195 0

Видеодан кадр

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва тегишли ташкилотлар мутахассислари ҳамкорлигида Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда ҳужра шароитида диний сабоқ бериш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, Ёзёвон туманининг Тегирмонбоши МФЙда истиқомат қилувчи 1991 йилда туғилган шахс ўз яшаш хонадонида, профессионал маълумотга эга бўлмасдан, 6 нафар вояга етмаган болаларга жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб диний сабоқ бериб келгани аниқланган. Маълум бўлишича, ёзёвонлик бўлган ушбу болаларнинг барчаси мазкур хонадонда яшаб, сабоқ олиб келган.

Шунингдек, ҳужра шароитида сабоқ бериш ҳолати вилоятнинг Қўштепа туманида ҳам фош этилган. Унда Мумтоз маҳалласида яшовчи 1975 йилда туғилган фуқаро жорий йилнинг 30 июнь куни ўзининг яшаш манзилида ҳужра ташкил этган, у ерда Марғилон шаҳрининг Чароғон, Оролбўйича ва Наврўз маҳаллаларида яшовчи 2009, 2013, 2014 ва 2015 йилларда туғилган вояга етмаган қиз болаларга, ўзи диний таълимда етарли билимга эга бўлмай туриб, сабоқ бериб келгани аниқланган.

Шу каби ҳолат Данғара туманида ҳам кузатилиб, унда Тангриқул маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1963 йилда туғилган фуқаро яшаш манзилида 2011, 2012 ва 2015 йилларда туғилган 4 нафар болаларга, жорий йилнинг июнь ойи бошларидан буён диний сабоқ бериб келгани маълум бўлган.

Тегишли рухсатномага эга бўлмай туриб диний сабоқ бериш ҳолати Фарғона вилоятининг Фарғона тумани Водил маҳалласида жойлашган ўқув марказида ҳам фош этилган. Мазкур ўқув марказида диний сабоқ бериш мумкин бўлмасада, 1997 йилда туғилган Фарғона туманида яшовчи шахс 28 нафар вояга етмаган болага диний таълим бериб келган.

ДХХга кўра, ҳозирги пайтда юқоридаги ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонун доирасида суд идораларига юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?