Фарғонада «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафони: ипакчилар шаҳридан кулоллар юртига...

12:35 22 Май 2021 Спорт
920 0

Ўзбекистон Экология партияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилаётган «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафонига Андижон вилоятидан старт берилган эди.

Веломарафон иштирокчилари вилоятнинг қўшни Андижон билан чегарадош Қува туманида тантанали равишда кутиб олинди. Бугун ипакчилар шаҳри Марғилонда жойлашган Ҳунармандлар марказида тантанали тадбир ташкил этилиб, веломарафон қатнашчилари кулоллар юрти – Риштон туманига кузатиб қўйилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Таъкидлаш ўринлики, экологик веломарафонда профессионал спортчилар билан бирга ҳаваскорлар ҳам иштирок этмоқда. Режага кўра веломарафон иштирокчилари ва меҳмонлар учун Фарғона вилоятининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳатлар уюштирилиб, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Риштон туманидаги кулоллар шаҳарчасида ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

— Оролбўйи ҳудудида экологик мувозанатни тиклаш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган эзгу ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Нодирбек Набиев. — Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад бу борадаги ишлар кўламини янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер