Фарғонада йил бошидан бери совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган предметлар билан боғлиқ 2099 та ҳуқуқбузарлик аниқланди

16:01 05 Апрель 2024 Жамият
1032 0

Фото: "Халқ сўзи"

Шу йилнинг 12 январь куни давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида юртимизда тинч ва фаровон ҳаёт бардавомлигини таъминлаш борасида бир қатор устувор вазифалар белгиланди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва унга қарши курашиш бўйича замонавий ёндашувларни жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.

Айни жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш орқали жиноятни жиловлаш мумкинлиги қайд этилиб, кенг қамровли эзгу ташаббуслар илгари сурилди. Бу борадаги ишларни ҳар бир ҳудуд, маҳалла ва оила кесимида ўзаро мувофиқлаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Мухбиримиз Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг жамоат хавфсизлиги хизмати бўйича ўринбосари, подполковник Фаррух Ўсаров билан шу хусусда суҳбатлашди.

— Бугунги таҳликали замонда бутун дунёда тинч ва осойишта ҳаёт энг азиз неъмат, бебаҳо бойлик сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас, — дейди Фаррух Ўсаров. — Аммо бунга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун шунчаки яхши ниятнинг ўзи камлик қилади. Тинч ва фаровон ҳаётдан баҳраманд бўлиш учун барчамиз масъулиятни теран ҳис этишимиз зарур.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти жамоат хавфсизлиги ҳамда ҳар бир жабҳада қонун устуворлигини таъминлаш ушбу неъматга эришишнинг асосий омилларидан биридир. Шу ўринда ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бевосита ички ишлар органлари ходимлари олдига катта масъулият юклайди. Ана шундан келиб чиқиб, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси, унинг таркибий тузилмалари ва соҳавий хизмат ходимлари томонидан мунтазам равишда кундузги ва тунги тезкор профилактик тадбирлар, рейдлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Йўл патрул ва патрул пост хизмати ходимлари ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг доимий ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, истироҳат боғлари, кўнгилочар масканларда қўшимча патруллик гуруҳлари ва мобил постлар ташкил этилган.

Бунинг самараси сифатида жорий йилнинг уч ойида вилоятда умумий жиноятлар 7 фоизга (202 та), олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 22 фоизга (449 та) камайишига эришилди. Вилоятда йил бошидан буён жиноятларнинг олдини олишнинг асосий омилларидан бири бўлган жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш ҳолатларини аниқлаш 22 фоизга ошди. Ўтган даврда совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган предметлар билан боғлиқ 2099 та ҳуқуқбузарлик аниқланди.

Ҳуқуқбузарлик содир этган 1905 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, 320 нафар шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди. Вилоятдаги кўча ва жамоат жойларида содир этилган жиноятлар 31 фоизга камайди.

Ўз навбатида, кўча ва жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятнинг олдини олиш мақсадида пост патрул хизмати (ППХ) саф бўлинмалари ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ўтган йилнинг мос даврига қараганда 11 фоизга яхшиланди. Ҳозирда ППХ саф бўлинмалари ходимлари 12 та шаҳар-туманга хизматга жалб этилган.

“Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида шу йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 15 минг 364 та объектлар рақамлаштирилди. 1062 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 3 минг 635 та кириб чиқиш жойларига камера қўйилди. Савдо нуқталарининг 7 минг 979 тасига кузатув камералари ўрнатилди.

Вилоят ҳудудидаги 1 минг 219 та чойхона ва умумий овқатланиш шохобчаларининг 900 га яқини рақамлаштирилди. Яқин вақт ичида бундай масканларни тўлиқ рақамлаштириш ишлари якунига етказилади.

Шу йилнинг 12 январь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 107 минг 660 нафар ёшлар тизимдаги бошқарма ва бўлим бошлиқларига бириктирилди. Яқинда Фарғона вилоятида оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш бўйича ягона ёндашувнинг намунавий тажрибасини шакллантиришга қаратилган республика форуми бўлиб ўтди.

Форумнинг ялпи йиғилишида экспертлар томонидан мазкур тизимни янада ривожлантиришга қаратилган тақдимотлар ўтказилади. Шўъбаларга бўлинган мулоқотларда тизимда аниқланган муаммолар таҳлили ва уларнинг ечимларига қаратилган мунозаралар ташкил этилди. Қўқон шаҳридаги 6 та маҳаллада ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган амалий ишлар тақдимот қилинди.

Демак, мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижроси изчил таъминланиши учун жиддий саъй-ҳаракатларга киришилган. Муштарак мақсадлар йўлидаги ҳамкорлик эса жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳар бир шаҳар-туман, маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ботир МАДИЁРОВ (“Халқ сўзи”) ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?