Фарғонада аҳолига арзонлаштирилган савдо ярмаркалари хизмат кўрсатмоқда

17:04 22 Декабрь 2023 Жамият
609 0

Фото: "Халқ сўзи"

Вилоятдаги 19 та марказий деҳқон бозорида очилган савдо ярмаркаларида 32 турдаги кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари бозор нархидан ўртача 15-20 фоиз арзон сотилиши таъминланяпти. Нарх-наво ошиб кетмаслигига эришиш бўйича маҳаллий ҳокимлик, прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, солиқ ва монополия идоралари масъул ходимлари бириктирилган.

— Шунингдек, вилоятнинг 5 та олис ҳудудлари, хусусан, Сўх, Фарғона ва Риштон туманларида жойлашган “Шоҳимардон”, “Ёрдон”, “Ҳосилот” ва “Чўнғара” МФЙларда кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилди, — дейди Фарғона вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи Ойбек Усмонов. —Бу вилоятнинг ҳар бир ҳудуди ва оиласига байрам кайфияти кириб боришини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Аҳолининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида вилоятда фаолият юритаётган 421 та балиқ етиштирувчи хўжаликлар томонидан савдо нуқталари ташкил қилинди ҳамда балиқ маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилди.

Янги йил ярмаркаларида “Ўздавзаҳира” қўмитасига қарашли “Мадад” ДКдан тўғридан-тўғри шартнома асосида шакар маҳсулоти харид қилиниб, ҳар бир килограми 12 минг 500 сўмдан сотиляпти.

Ўз навбатида арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида ҳар бир растада маҳсулот нархи қатъий ёзиб қўйилиши, маҳсулот нархлари тўғрисидаги маълумотлар радиоузеллар орқали харидорларга мунтазам равишда эълон қилиб борилиши доимий назоратга олинган. Солиқ идоралари томонидан эса савдо ярмаркаларида харидорларга тўлов терминаллари орқали савдони амалга оширишга шароит яратилгани бўйича кунлик мониторинглар ўтказиб борилаётир.

Шу билан бирга бозорларда гигиена талабларига риоя этилиши юзасидан ҳудудлар кесимида 132 нафар санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари жалб этилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер