Фарғонада 200 га яқин замонавий иншоотлар фойдаланишга топширилмоқда

10:55 27 Август 2024 Жамият
207 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Истиқлолимизнинг 33 йиллик санаси муносабати билан Фарғона вилоятида 200 га яқин замонавий иншоотлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Айни пайтда вилоятнинг энг олис Бешариқ туманида байрам объектлари сифатида бир неча янги бинолар тантанали равишда ўз фаолиятини бошлади. Бешариқнинг қўшни Тожикистон билан чегара ҳудудида жойлашган «Яккатут» МФЙ учун давлат хусусий шериклик тамойили асосида маҳалла еттилиги учун хизмат биноси қуриб битказилди. Эзгу мақсад ижобати учун тадбиркор Маҳмуджон Олимов ташаббуси билан қарийб 300 миллион сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, «Намуна» МФЙдаги 12–оилавий поликлиника Инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирдан чиқарилиб, энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Шу тариқа ҳудуддаги 20 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатувчи шифо масканида барча замонавий қулайликлар муҳайё этилди. 75 нафар тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатадиган ушбу муассасада 10 ўринли кундузги стационар ҳам ташкил этилди.

— Ҳудуддаги 1100 дан ортиқ оилада 3,5 минг аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Яккатут» МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Маҳбуба Юнусова. — 25 йил мазкур маҳалла раиси сифатида ишлаган бўлсам, шароитимиз мақтагулик даражада эмасди. Бугунги шароитни кўриб, яна маҳалла еттилиги сафида ишлагим келяпти. Ёшларимиз бундай имкониятлардан унумли фойдаланиши лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?