Фарғонада «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури ижросига киришилди
Фото: Халқ сўзи
Бу йилдан бошлаб мамлакатимизда камбағалликка қарши курашиш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш, бу ишларга тадбиркорлик субъектларини манфаатли ҳамкорлик асосида жалб қилиш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида эзгу ташаббус ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Айни жараёнда давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 июнь кунги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини Фарғона вилоятида ҳам изчил амалга оширишга киришилди.
— Ҳозиргача «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” Дастури асосида вилоятда 531 нафар тадбиркор 5,2 триллион сўмлик лойиҳани ишга тушириш ва бу орқали қарийб 44 мингга иш ўрни яратиш бўйича ташаббус билан чиқди,—дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шокиржон Аҳмедов, — Шу тариқа 450 нафарга яқин тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, уларга дастурда иштирок этаётганлигини тасдиқловчи сертификатлар тақдим этилди. Республика бўйича бугунги кунга қадар ҳамкорлик шартномалари имзоланган тадбиркорлик субъектлари сони 4478 тани ташкил этмоқда.
Дастур доирасида ўз лойиҳасини тақдим этган Фарғона шаҳридаги “Posco textile” қўшма корхонаси томонидан ташкил этилаётган 650 та янги иш ўринларига малакали ходимларни тайёрлаш мақсадида янги ишга кирган ишчиларни ип йигирувчи, тўқувчилик, тикувчилик каби йўналишларда корхонанинг ўзида касбга ўқитиш тизимида йўлга қўйилади. Бунинг учун корхонада 150 ўринли алоҳида ўқув комплекси ташкил этилмоқда. Шунингдек, Қўштепа туманида “Global Textile Infinity” МЧЖ томонидан 1100 ҳамда Риштон туманида “Rusoʼzbekteks” МЧЖ томонидан 1000 та иш ўрин яратишга қаратилган лойиҳалар ҳам эътиборга сазовордир.
Айтиш жоиз, дастурда иштирок этаётган тадбиркорларга ишсиз фуқароларни касбга ўргатиш ва ўз ишчиларининг малакасини ошириш бўйича ўқув марказларини қуриш ва жиҳозлаш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 фоиз қоплаб берилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда уларнинг сонидан келиб чиқиб табақалашган миқдорларда солиқ имтиёзлари тақдим этилади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун зарур маблағлар ва инфратузилма билан таъминлашда ҳам имтиёз ҳамда преференциялар бериш кўзда тутилган. Ўз навбатида дастур қатнашчилари солиқ ва божхона соҳасида ҳам имтиёзлардан фойдаланади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг