Фарғона – Жанубий Корея: ҳамкорлик кўлами сифат жиҳатдан янги босқичда

10:59 05 Октябр 2022 Жамият
411 0

Фото: Халқ сўзи

Айни пайтда Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган қўшма корхоналар орасида Жанубий Корея инвестицияси асосида ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари салмоқли ўринга эга. Икки томонлама манфаатли ва истиқболли, ҳудудлараро ҳамкорлик кўлами кейинги йилларда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги қабуллар уйида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ким Хи Санг ўртасида бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотда эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, галдаги устувор вазифалар келишиб олинди. Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида фикр алмашилди.

Самимий суҳбатда Ким Хи Санг ўзаро ҳамфикр ва ҳаммаслакликда Фарғона вилояти муҳим ўрин тутиши, мамлакат ҳудудлари орасида Фарғона Корея билан ҳамкорлик даражаси энг юқори бўлган вилоят бўлиб турганини мамнуният билан таъкидлади.

Эътироф этиш ўринлики, бугунги кунда Фарғона вилоятида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICA билан шерикликда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази йигит-қизларни замонавий касбларга ўқитишда самарали фаолият олиб бормоқда. Фарғона шаҳрида “POSCO International Textile” корхонаси томонидан қуриб битказилган ёшлар касбий таълим маркази ҳам ушбу жараёндаги эзгу ташаббусларнинг мантиқий давомидир.

Учрашувда Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети томонидан Кореянинг ривожланган кемасозлик саноати учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича режалаштираётган лойиҳани амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, мулоқотда Фарғона вилояти билан биродарлашган шаҳар келишуви имзолаган Ёнгин шаҳри билан бирга, иқтисодиёти ва саноати жиҳатидан янада ривожланган Инчхон шаҳри билан ҳам алоқаларни кенгайтириш бўйича ташаббус илгари сурилди. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар Инчхон мери бошчилигидаги делегацияни Фарғона вилоятига ташрифи билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Ботир Мадиёров,«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?