Фарғона водийси депутатлари «Парламент ўйинлари»да куч синашди

12:02 19 Июль 2022 Жамият
682 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон шаҳрида «Парламент ўйинлари» спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 30 декабрдаги «Парламент ўйинлари» спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида» ги қарорига биноан ташкил этилган беллашувда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари маҳаллий Кенгаш депутатлари спортнинг волейбол, стол тенниси, мини футбол, бадминтон турлари бўйича ўзаро беллашдилар.

— Илмий хулосаларга кўра, спорт инсон ақлий фаолиятини 70 фоизга шакллантирар экан, — дейди Андижон вилоят Кенгаши депутати, стол тенниси бўйича аёллар ўртасида бўлиб ўтган мусобақа ғолиби Гулбаҳор Қосимова. — Шунинг учун ҳам бу каби машғулотларни кундалик турмуш тарзимизга сингдириб боришимиз керак. Бу борада депутатлар шахсий ибрат кўрсатишлари муҳим, деб биламан. Шахсан ўзим ҳам тонгни Қўрғонтепа туманидаги «Савой» спорт мажмуасида қарши оламан. У ерда 30 нафардан зиёд хотин-қизлар иштирокида эрталабки бадантарбия машғулотларини йўлга қўйганмиз. Бугунги беллашувда эришган ғалабам ана шу фаолликнинг амалий натижасидир.

Республикамизда оммавий спортни ривожлантириш, бу борада депутатлар фаоллигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақада қатор спорт турлари бўйича ғолибликни қўлга киритган халқ вакиллари эндиликда республика босқичида иштирок этади.

 

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?