Фарғона ва Хоразмда 9 нафар гиёҳванд модда савдогарлари ушланди

10:28 11 Апрель 2025 Жамият
232 0

Видеодан кадр

Ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Хусусан, ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келган 1 кг 524 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситасини 240 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ёзёвон туманида қайд этилган ҳолатда, «Фарғона-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган — Тошлоқ туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган фуқаро бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, транспорт воситаси салонига яшириб қўйилган 799 дона «Зардекс» ва 40 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 1679 дона «Зардекс» ва 48 дона «Тропикамид» ҳужжатлаштириб олинди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яқин алоқаси, Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1987 й.т. шахснинг Фарғона шаҳридаги вақтинча яшаш хонадони кўздан кечирилганда, 2239 дона «Лирика» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида, ушбу дори воситаларини Фарғона туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро Қирғиз Республикасидаги номаълум шахслардан қабул қилиб олганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.

Хизматнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Самарқанд-Хоразм» йўналишида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи — Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида яшовчи 1960 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро ҳамда унинг 1980 йилда туғилган шериги ўзаро тил бириктириб, Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган 802 гр «опий» моддасини сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Урганч шаҳрида кузатилган ҳолатда, Қўшкўпир туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган шахс ва Урганч шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро ўзаро келишган ҳолда 499 гр «опий» ва 12 гр «героин» гиёҳвандлик воситаларини 11 500 АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди.

Шунингдек, улардан бирининг яшаш хонадони ертўласи кўздан кечирилганда, унда 351 гр «опий» моддаси борлиги ҳам аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситаси Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳазорасп туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1962 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётган 989 гр «опий» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?