Фарғонанинг гастрономик салоҳияти сайёҳларни чорламоқда
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Юрт гавҳари ва марвариди сифатида эъзозланувчи Фарғона вилояти гўзал табиати, меҳмондўст, самимий инсонлари билан танилган. Айнан гастрономик туризм ривожи хусусида гап кетганда, ушбу вилоятда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос машҳур таомлари, ширинлик ва егуликлари борлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.
Айтиш жоиз, ҳар бир таомнинг ўзига хос рецепти, тайёрланиш жараёни ва меҳмонларга тортиқ қилиш удуми бор. Бу маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга улар билан танишиш ва мазасини ҳис қилиш имконини беради.
Бу борада кейинги йилларда Фарғона вилоятининг ҳар бир шаҳар-туманга хос бўлган гастрономик брендлари яратилгани эътиборга сазовордир. Хусусан, Фарғона шаҳрида ширинликлар савдоси бўйича қандолат уйи ташкил этилган. Марғилон шаҳрида Кетибоғ шавласи, ширмой нон, Ўрам чойхонаси таомлари, Қўқон шаҳрида эса Хўқанди латиф патири ва ҳолваси харидорларга жуда ҳам манзур.
Олтиариқ тумани тандирда ёпиладиган сомсалари (гўшткуйди), Риштон тумани юзлаб чойхоналарда дамланадиган Чўнғара гуручи оши билан танилган. Ўзбекистон туманида Қўшқўноқ маставаси, Қува туманида полвон шўрва ва ширинликлари (чак-чакка, печак қанд ва “Қува қандолат“ маҳсулотлари) машҳур бўлиб улгурган.
Бешариқ тумани сих кабоблари, Бувайда тумани овланадиган қушлар асосида тайёрланадиган таомлар, Ёзёвон тумани балиқ овқатлари ҳамда Фарғона тумани Чимён сопаки оши ва Чимён патири билан сайёҳларни ўзига кенг жалб этади.
Вилоятдаги бу каби гастрономик ҳудудлар туроператорлар томонидан маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун туризм маршрутига киритилган бўлиб, доимий равишда бир, уч кунлик ва ҳафталик саёҳатлар ташкил этилади. Ўз навбатида, меҳмонлар учун экотуризм, агротуризм тармоқлари бўйича ҳам шароитлар муҳайё қилинган. Сайёҳлар гилос, қулупнай, узум, анор, қовун-тарвуз сайли ҳамда сўлим табиат масканлари, мевазор боғлар, сув бўйларида ҳордиқ чиқариш, мева-сабзавотлардан баҳраманд бўлиш, ўз қўли билан овқат тайёрлаб истеъмол қилиш имконига эга.
— Айни жараёнда мунтазам равишда гастрономик фестиваллар ва ярмаркалар ташкил этилиб, унда маҳаллий таомлар, ширинликлар, боғдорчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. — Ҳар йили ўтказиладиган бу каби фестивалларда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, хориждан сайёҳлар таклиф этилади. Бу Фарғона вилоятида гастрономик туризм имкониятларини йилдан йилга ошириш имконини бераётир.
Ўз навбатида, Фарғонада гастрономик туризмга хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган инфратузилма тобора ривожлантириб борилмоқда.
2025 йили вилоятда “Фарғона гастрономик фестивали” ўтказилиши режалаштирилган. Фестивал кунлари мамлакатимиз ва Фарғона водийсининг кўп йиллик анъаналари ҳамда замонавий урф-одатларини уйғунлаштирадиган маҳаллий, дунёга танилган ошпазлар, пазандалик санъати тарғиботчилари, бу борадаги китоблар муаллифлари, гастрономия маданий мероси қизиқувчилари ва сайёҳларни бир жойга жамлаш кўзда тутилган. Мақсад юртимизнинг бой ва мураккаб ошпазлик санъати анъаналарини тарғиб қилиш ва дунёга танитишдан иборат. Фестивалда одатий таомлар ва таниқли ошпазлар иштирокида пазандачилик маҳорати намойиш қилинади. Маҳорат дарслари, турли кўрик-танловлар, театрлаштирилган томошалар ўтказилади.
Фестивалга дастлабки йили 10 минг, иккинчи йили 50 минг киши ва учинчи йили эса 150 минг сайёҳ келиши кутилмоқда. Бундай тадбирлар вилоят иқтисодиёти ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Чунки халқаро иштирокчилар маҳаллий пазандачилик санъати билан бирга вилоятнинг табиати, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати билан танишишга ҳам муваффақ бўлишади. Бу эса нафақат пазандачилик анъаналаримиз, балки, уларни тайёрлашда қўлланиладиган озиқ-овқат маҳсулотларимизни ҳам дунё бозорида ўз ўрнини топишишига хизмат қилади.
Шунингдек, яқин истиқболда вилоятда махсус гастрономик турлар ва маршрутлар яратиш режалаштирилган. Шу билан бирга доимий равишда маҳаллий овқатлар ва ошпазлик санъати бўйича махсус курслар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Мухтасар айтганда, гастрономик туризмни ривожлантиришда хорижий сайёҳларни жалб қилиш учун халқаро кўргазмалар ва туризм ярмаркаларини ташкил қилиш орқали Фарғона вилоятида ўзига хос гастрономик марказ яратиш мақсад қилинган.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан мамлакатимизда гастрономик туризмни ривожлантириш мақсадида “Delicious Uzbekistanʼʼ халқаро гастрономик фестивали ташкил этилди. Унда Фарғона вилояти туризм бошқармаси ҳам маҳоратли ошпазлар билан иштирок этди ҳамда якунда иккита номинация бўйича диплом, Туризм қўмитасининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Демак, маҳаллий таомлар, туризм инфратузилмаси, фестиваллар ва тадбирлар орқали Фарғона вилояти жаҳон сайёҳлари учун қизиқарли ва маъқул бўлган марказга айланмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг