Факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат берилади – Қонун лойиҳаси

11:00 14 Январь 2025 Сиёсат
103 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистондаги факторинг хизматлари бозорини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Лойиҳа мамлакатдаги тадбиркорлик субъектларига янги молиявий имкониятларни яратиш ҳамда халқаро амалиётга мос қонунчилик базасини шакллантиришни назарда тутади.

Лойиҳада пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича қўйилган тақиқни бузганлик учун жавобгарликни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, мижознинг контрагенти хорижий давлат резиденти бўлган ҳолларда, факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат бериш назарда тутилган. Пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги маълумотларни гаров реестрида рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам жорий қилинади.

Лойиҳада тадбиркорлик субъектларига факторинг хизмати кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларни барпо этиш масаласи белгиланган. Ушбу ташкилотлар но-банк кредит ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказилади ва уларнинг фаолияти Марказий банк томонидан назорат қилиниши назарда тутилмоқда. Бу механизм орқали тадбиркорларга молиявий кўмак бериш самарадорлигини ошириш кўзланган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос қонунчилик базасини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ташаббус тадбиркорлик субъектларининг молиявий хизматлардан кенг фойдаланиш имкониятларини янада яхшилашга қаратилган. Шунингдек, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда самарали восита сифатида хизмат қилади.

Қонунчилик палатасидаги муҳокамаларда лойиҳанинг барча жиҳатлари депутатлар томонидан батафсил кўриб чиқилди. Депутатлар ушбу қонун тадбиркорлик муҳитига ижобий таъсир кўрсатишини ва тадбиркорлар учун қулай молиявий механизмлар яратишини таъкидладилар. Мажлисда қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Факторинг хизматларини тартибга солувчи мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва молиявий хизматларга бўлган талабни қондиришда муҳим қадамдир. Лойиҳанинг қабул қилиниши мамлакат иқтисодиётидаги тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар эшигини очиб беради. Ушбу ташаббус замонавий молиявий технологияларни жорий этишга ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутиляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер