Европанинг Украинага «совға»си, Ғазодаги уруш ва келишувга умид (+видео)

22:23 09 Август 2024 Дунё
268 0

Воситачилар Исроил ва ҲАМАСни ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда

Қатар, Миср ҳамда Қўшма Штатлар Исроил ва ҲАМАСни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни қайта бошлашга чақирди. Чунки Исроилнинг давом этаётган бомбардимонлари 40 мингга яқин фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлди.

Пайшанба куни эълон қилинган қўшма баёнотда уч давлат Исроил ва ҲАМАСни Доҳа ёки Қоҳирада шошилинч муҳокамани қайта бошлашга ва кечиктирмасдан битимни амалга оширишга чақирди.

«Оташкесим келишувини тузиш, гаровга олинганлар ва маҳбусларни озод қилиш вақти келди. Биз келишувга эришиш учун бир неча ой ишладик ва у ҳозир столда, фақат амалга ошириш учун тафсилотлар етарли эмас», деган воситачилар.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг идораси чақирувга тезда жавоб бериб, Исроил келаси ҳафта тафсилотларни якунлаш ва келишувини амалга ошириш учун музокараларда қатнашиш учун делегация юборишини айтди. Фаластин томони ҳозирча жавоб бермаган.

«Al Jazeera»нинг сиёсий таҳлилчиси Марван Бишарнинг айтишича, пайшанба куни эълон қилинган баёнот воситачиларнинг сабр-косаси тўлаётганини кўрсатади. «АҚШ кенгроқ минтақавий уруш хавфи туфайли кўпроқ босим ўтказишга мажбур қилинмоқда», деб тушунтирди Бишар.

Украина НАТОдан олган «Ф-16» қирувчи самолётларини намойиш қилди

Украина НАТО иттифоқчиларидан ўзининг биринчи Ф-16 қирувчи самолётларини олди ва бу мамлакатнинг мудофаа қобилиятини сезиларли даражада оширганини кўрсатади.

Маълум бўлишича, президент Владимир Зеленский қирувчи самолётларни намойиш қилиб, уларнинг Украинанинг Россия билан давом этаётган можаросида аҳамиятини нақадар катта эканлигини билдирган. «Ф-16»ларни Бельгия, Дания, Нидерландия ва Норвегия каби давлатлар Украинага совға сифатида жўнатишган.

Зеленский бу самолётлар Украинанинг уруш бошланганидан бери муҳим эҳтиёж бўлган ҳаво мудофаа тизимини кучайтиришини билдирди. 50 йилдан бери хизмат қилган ва НАТО томонидан кенг қўлланилаётган «Ф-16» самолётлари энди Украина ҳарбий арсеналининг асосий қисмига айланади.

Қирувчи самолётларнинг намойишкорона парвозлари эҳтимолий Россия ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун хавфсиз жойда ўтказилди. Зеленский, шунингдек, Киев Москванинг аэродромларга қилиши мумкин бўлган ҳужумларидан ҳимояланиш учун самолётларнинг бир қисмини хорижий ҳарбий базаларда сақлаши мумкинлигини ҳам тан олган.

Украина қўшни давлатлар билан ўз мудофаасини янада мустаҳкамлаш устида ишламоқда ва НАТО—Украина кенгаши ғоясини таклиф қилган. Ушбу кенгаш НАТО мамлакатларига Украинани ракета ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун коалиция тузиш имкониятини муҳокама қилиш имконини беради.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, Россия Украинада НАТО давлатларининг ҳарбий қирувчи самолётларидан фойдаланиш бошланса, Москва НАТО объектларини нишонга олиши мумкин. «Ф-16» қирувчи самолётларининг Киевга олиб келиниши мамлакатнинг ушбу курашдаги янги саҳифасининг очилганини англатади.

Шунингдек, Украина АҚШдан Курск вилоятининг босиб олинган ҳудудларини ҳимоя қилиш учун ATACMS тизимидан фойдаланиш учун рухсат сўраган. Ракеталар Украина армияси позицияларини бомбардимон қилаётган Россия самолётлари жойлашган аэродромларга зарба беришда қўллаш режалаштирилган. Бу ҳақда «The Washington Post»га Зеленскийнинг исми сир сақланишини сўраган маслаҳатчиси хабар берган.

«Украина ўз суверен ҳудудини қайтариб олиш ва жанг майдонида муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган ишни қилмоқда», дея Курскдаги вазиятга муносабат билдирди Пентагон томони.

Россия ва Хитой 30 йил ичида биринчи марта айирбошлаш (бартер) усулида савдо қилишга ўтиши мумкин

Бу банклар орқали амалга ошириладиган транзакцияларга муқобил бўлиши мумкин. АҚШ томонидан қўйилган санкциялар туфайли Хитой банклари Россия билан транзакцияларни тўхтатмоқда ёки бунга турли чекловлар киритмоқда. Агентлик манбаларининг қайд этишича, Россия аллақачон бартер савдоси қоидаларини ишлаб чиқиш ҳаракатида ва Хитой ҳам шундай қилмоқда.

Владимир Путиннинг май ойида Хитойга ташрифи чоғида томонлар Хитой банклари орқали тўловларни кечиктириш масаласини муҳокама қилишган. Бундан олдин АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Пекинни Хитой компаниялари Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватласа, уларга қарши иккиламчи санкциялар жорий этилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

«Reuters» агентлигига кўра, Хитой молия соҳасида Вашингтон томонидан фаолияти назорат қилиниши қийинроқ бўлган минтақавий банкларда фаолроқ иштирок эта бошлаган. Шунга қарамай, ҳали ҳам бир қатор қийинчиликлар мавжуд.

Шу сабабли озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш орқали Россия билан савдо қилиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Агентликнинг ёзишича, ушбу моделга асосланган биринчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси тўғрисидаги битимлар кузда тузилиши мумкин.

Москва ва Пекин ўртасидаги айирбошлаш усулида савдо тўғрисидаги битим Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин тузилган ва 1990 йилларнинг охирларига қадар амал қилган.

Исроилнинг Ғазодаги бомбардимони кучайди

Исроил аскарлари Ғазо бўйлаб ҳужумларини кучайтирмоқда. Исроилликлар ўтган кун ичида Ғазодаги 60 та нишонга зарба берганини даъво қилди. Ҳарбий объектлар ва қурол-яроғларнинг катта қисми йўқ қилинган. Шунингдек, Рафаҳ ҳамда Ғазо марказида ўнлаб жангчилар қаторида тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Яҳудий давлати кучлари Жабалия лагери яқинидаги уйга зарба бериб, 18 кишини яралади. Бир киши қурбон бўлган.

Хон Юнисда ҳам жанговар операциялар бошланган. Исроил ҳарбийлари бир қанча маҳаллаларни эвакуация қилишга буюрган. Ҳаво кучлари ҲАМАС нишонларига 30 дан ортиқ зарба берган. Ғазо шаҳридаги бир нечта мактаблардан бошпана топган аёллар ва болаларни ўз ичига олган кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди.

Шунингдек, 9 июнь куни эрталаб Нусейрат қочқинлар лагери яқинида аҳоли турар-жойи нишонга олинган. Ярадор ва қурбонлар бор.

Хон Юнисда фаолият юритаётган ҲАМАС аскарлари жанг майдонида портламай қолган Исроил бомбаларидан қўлбола портловчи моддалар тайёрлаётгани айтилмоқда. Душанба куни ҲАМАС жангчилари Исроилнинг Ф-16 қирувчи самолётидан тикланган бомбани Хон Юнис шарқида исроиллик кучларга ҳужум қилиш учун ишлатганликларини айтишди. Исроилликлар ҳудудларда тозалаш операциясини олиб бориш мақсадида аҳолини эвакуация қилишга чақирган.

Европа Иттифоқи Фаластин маъмуриятига ишғол қилинган Ғарбий Соҳилда маош ва пенсияларни тўлашда ёрдам бериш учун 43 миллион евро ажратди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?