“Европа ҳайратда” — АҚШ Россия билан чегарадош давлатлар мудофаасини молиялашни тўхтатмоқчи

10:00 05 Сентябр 2025 Дунё
313 0

Фото: Reuters

АҚШ Россия билан чегарадош давлатлар учун мудофаа ёрдами дастурларини молиялашни тўхтатади. Бу ҳақда “Financial Times” ўз манбаларига таяниб хабар берди.

“АҚШ Россия билан чегарада Европа армияларига ёрдам бериш дастурларини босқичма-босқич бекор қилишни режалаштирмоқда, чунки бу қитъани ўз мудофаасига кўпроқ сармоя киритишга ундамоқда”, — дея ёзди “Financial Times” газетаси.

Нашр манбасига кўра, АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийлари ўтган ҳафта европалик дипломатларга АҚШ Шарқий Европа давлатларида Россия билан зиддият юзага келган тақдирда олдинги сафда туриши мумкин бўлган қўшинларни тайёрлаш ва жиҳозлаш дастурларини энди молиялаштирмаслигини айтган.

Европа АҚШ қароридан ҳайратда

Нашрнинг қайд этишича, Европа давлатлари АҚШнинг Россия билан чегарадош Европа давлатлари учун хавфсизлик бўйича ёрдам дастурларини қисқартириш ҳақидаги қароридан ҳайратда.

“Европа ҳукуматлари бу хабардан ҳайратда қолишди ва Вашингтондан қўшимча маълумот изламоқда”, — дейилади “Financial Times” мақоласида.

Оқ уй вакилининг айтишича, бу ҳаракат АҚШ президенти Дональд Трампнинг “қайта кўриб чиқиш ва қайта ташкил этиш” ҳаракатларига мос келади, бироқ нашр таъкидлаганидек, Вашингтоннинг қарори “катта ташвиш ва ноаниқлик туғдиради”.

Болтиқбўйи давлатлари учун “жуда оғир синов”

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг истеъфодаги зобити Марк Монтгомери газетага АҚШ ҳарбий ёрдамининг йўқолиши Болтиқбўйи учун “жуда оғир синов” эканлигини айтди.

“Бу ерда бутун ғоя уларга ўзларини ҳимоя қилиш имкониятини беришдир”, — дейди Монтгомери.

Газетанинг қайд этишича, 2020 йилда Эстония, Латвия ва Литва қуролли кучларини мустаҳкамлаш учун яратилган алоҳида дастур — Болтиқбўйи хавфсизлиги ташаббусининг келажаги ҳам хавф остида.

Ўтган йили АҚШ Конгресси ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун 288 миллион доллар ажратган. Оқ уй келаси йил учун бюджетдан қўшимча маблағ талаб қилмади. Вазиятдан хабардор манба маъмурият дастурни кўриб чиқаётганини айтди.

Трамп контингент сақлаб қолинадими?

АҚШ Польшадан Америка ҳарбий контингентини олиб чиқишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Доналд Трамп 3 сентябрь куни Польша етакчиси Карол Навроcки билан учрашувда айтиб ўтди.

“Биз бундай вариантларни бошқа мамлакатларга нисбатан кўриб чиқамиз, лекин Польшага нисбатан ҳеч қачон. Биз бутунлай унинг тарафидамиз ва ҳар доим ўзини ҳимоя қилишга ёрдам берамиз” — деди Оқ уй раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, Польша ҳукумати мамлакатдаги Америка қўшинлари сонини ошириш тарафдори. Ҳозирда у ерда 10 минг америкалик аскар жойлашган.

Июль ойи охирида Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг учдан бир қисмини Европадан олиб чиқиб кетиши мумкинлиги маълум бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, Европадаги АҚШ қўшинлари сони 90-100 минг кишигача ўзгариб туради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?