Евроосиё Иттифоқи: аввал кузат, кейин қарор қабул қил!

2019 йилнинг куз ойларида Ўзбекистоннинг Евроосиё Иттифоқига аъзо бўлиши ҳақидаги масала кўтарилди ҳамда у қизғин мунозара ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Олимлар, мутахассислар, депутату сенаторлар, блогерлар, Россияда ишлаётган ватандошларимиз бу мавзу бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдира бошлашди. Кимлардир мамлакатимизнинг мазкур Иттифоққа аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади, бошқалар бу қадам «мустақиллигимизни йўқотишга олиб келади», қабилидаги гаплар билан унга қарши чиқишди. Президентимиз топшириғи билан парламентда бу масалани ўрганиш бўйича комиссия тузилди.
ЕОИИга киришнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ўрганиб чиқилгандан кейин Қонунчилик Палатаси ва Сенатда Ўзбекистон Республикаси бу Иттифоққа аъзо эмас, кузатувчи мақомида кириши мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди ҳамда сенатор ва депутатларимиз кўпчилик овоз билан шу вариантга овоз беришди.
Шу йилнинг декабрь ойида Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида кириши масаласи ҳал бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақида куни кеча «Ўзбекистон – Россия саноат диалоги: янги лойиҳалар ва ҳамкорлик» мавзусида ўтказилган онлайн конференцияда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги департаменти директори Михаил Анисимов ҳам таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон кузатувчи мақомида ЕОИИга кириб, мазкур Иттифоққа тўла аъзо бўлишнинг барча ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур ўрганиши ва ана шундан кейин бу ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бу ҳақида бир йилдан бери жуда кўп фикрлар билдирилди. Шу боис уларни яна такрорламасдан, қисқа ёзишга ҳаракат қиламан. Аввало, ЯИМ ҳажми 1,9 триллион АҚШ долларига тенг бўлган катта бозор Ўзбекистонга улкан имкониятларни яратиб беради. ЕОИИга аъзо давлатлар билан интеграциянинг кучайиши Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишига сезиларли туртки беради. Бу аниқ.
Лекин «ЕОИИ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз ҳаракатланиши экспорт имкониятларини яхшилайди; капитал ҳаракати эркинлигига олиб келади; ягона электр энергияси бозори яратилиб, аъзо давлатларни нисбатан арзон электр энергияси билан таъминлайди; мамлакатимизда ўткир муаммо бўлиб турган мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади; улар патент тўловидан озод қилинади, мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетиши ва уларнинг аниқ ҳисобини юритиш йўлга қўйилади; мамлакатимизга хорижий валюта оқимини кўпайтиради, қайтиб келган мигрантлар мамлакатга тайёр ишчи кучи бўлиб ва инновациялар билан келади», деб билдирилган фикрларни ҳали яхшилаб текшириб кўриш керак. Буни эса ЕОИИга кузатувчи мақомида кириб, унинг ичида туриб аниқ ўрганиш мумкин.
ЕОИИга кузатувчи мақомида киришнинг айрим салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Яъни бу мамлакатимизда айрим тармоқ ва корхоналар фаолиятига салбий таъсирлар кўрсатиши, ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажмининг кўпайиши, айрим товарлар бозорида рақобатнинг ортиши каби муаммолар пайдо бўлиши мумкин, деган мулоҳазалар бор.
Амалга ошираётган ҳар бир ҳаракатимизнинг ижобий ва салбий оқибатлари бўлиши муқаррар. Фақат биз қадам босишимиздан олдин ижобий жиҳатлар кўпроқ бўлиши, салбий ҳолатлар эса имкон қадар кам бўлиши ҳақида ўйлаймиз, шунга интиламиз. Шу нуқтаи назардан, кузатувчи мақоми келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларни тарозининг икки палласида ўлчаб кўриш учун қулай имкониятдир.
Ҳозирги пайтда айрим аъзо давлатларда «ЕОИИ манфаатларимизга зарар келтиряпти, ундан чиқиб кетиш керак» деган даъватлар ҳам учраяпти. Масалан, «Ҳақиқат учун айтиш керакки, Қирғизистон Республикасининг ЕОИИга киришидан салбий ҳолатлар ҳам бор: республикага Хитойдан соддалаштирилган бож тўловлари бўйича келаётган товарлар тўхтаб қолди. Европа давлатлари ва Япониядан киритилаётган енгил автомобиллар сони қисқарди. Товар олиб кириш учун импорт божлари 5%га ошди. Қирғизистонга арзон саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кела бошлади ва улар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигига кескин таъсир кўрсатди» (бу иқтибос «Яндекс. Дзен» интернет сайтида 2019 йил 19 декабрда эълон қилинган «Киргизия и ЕАЭС: скептики зовут выйти. А куда и как идти дальше?» мақоласидан олинди). Бундай фикрларнинг қай даражада асосга эга эканлигини ҳам ЕОИИнинг ичида кузатувчи бўлиб туриб ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ЕОИИ кузатувчи мақомида кириши унга ҳақиқий аъзо бўлиш манфаатларимизга қай даражада тўғри келишини синаб беради. Ана шундан кейин унга ҳақиқий аъзо бўлиш ёки бўлмаслик ҳақида қарор қабул қилиниши тўғри бўлади.
Одил Олимжонов,
иқтисод фанлари доктори, профессор
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг