Эрон матбуоти мамлакат миллий жамоасининг «CAFA National Cup» финалидаги мағлубиятини оғир қабул қилди

20:29 11 Сентябр 2025 Спорт
216 0

Яхши биласиз, жорий йилнинг 29 августидан 8 сентябрига қадар Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатларида Марказий Осиё футбол ассотсиатсияси томонидан «CAFA National Cup» мусобақаси ўтказилди.

8 сентябрь куни бўлиб ўтган финал ўйинида Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақанинг амалдаги чемпиони Эрон Ислом Республикаси терма жамоаси билан беллашди. Учрашув 1:0 ҳисобида терма жамоамизнинг ғалабаси билан якунланди.

Таъкидлаш керакки, бу Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эрон устидан Тошкентда қозонилган биринчи ғалабаси бўлди. Бунгача ушбу жамоалар ўзаро 16 бор тўқнаш келишган ва ушбу баҳсларнинг фақатгина 1 таси «оқ бўрилар»нинг ғалабаси билан якунланган.

Табиийки, ФИФА рейтингида Ўзбекистон терма жамоасидан 35 поғона баландда турган Эрон миллий жамоасининг финалда ютқазиши маҳаллий журналистларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.

Жумладан, тармоқларда жуда фаол постлари билан машҳур бўлган «Total Fut Plus» порталида қуйидаги гаплар ёзилди:

«Ўйин жуда ёмон ўтди. Ария Юсуфи йўқ жойдан эҳтиётсизлиги эвазига қизил карточка ишлаб олди. Биринчи таймда Али Неъмати жамоамизнинг асосий заиф нуқтаси бўлди. Унинг суст ўйини туфайли Ўзбекистон миллий жамоаси жуда яхши имкониятларга эга бўлди.

Иккинчи таймда ҳам ушбу сценарий давом этди. Фақатгина бир вазиятда Саман Годдос пас бериб Рамин Ризайонни бирга-бир вазиятга чиқариб юбориши мумкин бўлган ҳолатда узатма бермай хато қилди. Бу вазият амалда ўйин тақдирини ўзгартириши мумкин эди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 120 дақиқа мобайнида дарвозамиз олдида ҳаракат қилди. Агар бугун омадимиз келмаганида 3–4 та гол ўтказиб юборишимиз ҳам мумкин эди. Афсуски, ҳимоямиз жуда заиф.

Жаҳон чемпионати саралашида Туркия каби таркибида Европа TOP-5 чемпионатларида ўйнайдиган футболчилари бор жамоа Испанияга 0:6 ҳисобида мағлуб бўлди. Энди ўйлаб кўринг, жаҳон чемпионатида ушбу жамоа биз каби ҳимояси дабдала жамоаларга нечтадан гол урар экан?»

Эроннинг маҳаллий «Football 360» теледастури таҳлилида эса Али Галеноий Эрон термаси устози бўлганидан бери жамоа мудофааси яхшигина заифлашгани ҳақида гапирилди:

«Амир Галеноий терма жамоани қабул қилиб олганидан сўнг, 37 та ўйинда 29 та гол ўтказдик. Бу умуман нормал ҳолат эмас. Боиси бизга гол урган жамоалар қаторида Тожикистон, Афғонистон, Қирғиз Республикаси, Шимолий Корея, Гонконг, Фаластин, Буркина-Фасо каби мамлакатлар бор.

Терма жамоамиз жаҳон чемпионати саралашининг сўнгги босқичида 10 та ўйинда 8 та гол ўтказди. Бу футболимиз тарихидаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири.

Умуман, Галеноий Эронга бош мураббий бўлганидан бери жамоамизнинг 60 фоиз ўйинида дарвозамиз дахлсизлиги сақланиб қолаётгани йўқ».

Эрон давлат телевидениесидаги чиқишлари орқали миллионлар мухлисларга эга бўлган шарҳловчи ва журналист Адел Фердосипур эса терма жамоа бош мураббийи Али Галеноийни жамоани ёшартирмаётганликда айблади.

«Галеноий ёшларни жамоага жалб этиб, жасорат кўрсата олмайди.

Жамоамизнинг ўртача ёши 29,4 ни ташкил этмоқда. Бу Эрон чемпионатидаги исталган жамоадан юқорироқ ёш дегани. У 23 ёшдан кичик футболчиларга умуман аҳамият бермайди.

Бугун дунёда 18 ёшли футболчига ёш футболчи сифатида қаралмайди. Аммо биз 23 ёш футболчини ёш деб аталмоқдамиз», — деб фикр билдирган Адел Фердосипур.

Эрондаги энг машҳур ахборот манбаларидан бири «Tarafdori» сайтида эълон қилинган мақолада эса федератсия ўйиндаги мағлубиятга ҳakamликни кўрсатган ҳолда, бош мураббийга имконият беришда давом этишини танқид қилди.

Эрон футбол федерацияси Ўзбекистондан CAFA финалида мағлуб бўлганига қарамай, миллий жамоа бош мураббийи лойиҳасини давом эттиришга қарор қилганини эълон қилди.

«Терма жамоамиз бутунлай кераксиз турнирдаги мағлубиятдан сўнг, Али Галеноий билан ишлашда давом этмоқчи.

Федерация раҳбари Меҳди Тож ўйиндаги мағлубиятга ҳакамларнинг Ўзбекистон фойдасига чиқарган қарорлари сабаб бўлганини айтди. Аммо, бош мураббий Галеноийнинг хатолари ҳақида ҳеч қандай фикр айтилмади.

Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, баъзи вазиятларда ҳакамлар Эрон зарарига қарор қабул қилишган бўлиши мумкин. Аммо, мағлубиятнинг асосий сабаби бу эмас», дейилади мақола мазмунида.

«Football 360» дастуридаги таҳлилида, шунингдек, Эрон футбол федератсияси Амир Галеноийнинг Эрон терма жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиққанлигини «катта ютуқ» деб кўрсатаётганлиги, лекин бу нарса умуман катта ютуқ эмаслиги қайд этилди.

«Биз жаҳон чемпионатига Галеноий бошчилигида чиқдик, тўғри. Аммо, бу катта натижа эмас. Айниқса бу йил.

Сабаби бу сафар Осиё минтақасига мундиал учун 8,5 та квота берилди. Саралашнинг сўнгги босқичи 2 та эмас, 3 гуруҳда бўлиб ўтди. Шу боис Жанубий Корея, Япония ёки Австралия каби жиддий рақиблар билан ўйнамадик. Ўртамиёна мутахассислар ҳам бундай қулай саралаш босқичини муваффақият билан тугатишлари мумкин эди», — дейилади таҳлилда.

Хуллас, «CAFA National Cup» мусобақасидаги мағлубиятда Эрон нашрларининг асосий қисми ҳакамликни эмас, бош мураббий Али Галеноийни айбдор қилмоқда.

Ҳаттоки, маҳаллий «Karzar.net» сайтида Галеноийни ишдан бўшатиш тўғрисида петиция эълон қилинди. Ҳозирга келиб, ушбу петицияга имзо чеккан мухлислар сони 50 мингдан ошгани айтилмоқда.

Энди Эрон футбол федерацияси қандай қарорга келади? Яқин кунларда билиб оламиз.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?