Ер ҳалол ажратилса, унинг бир қаричи ҳам увол бўлмайди
Қишлоқ хўжалиги замонавий тармоққа, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосий бўғинига айланиб бормоқда. Шундай шароитда умуммиллий бойлигимиз бўлган ерни асраш, унинг ҳар қаричидан самарали фойдаланиш ҳам инсоний, ҳам фуқаролик бурчимиздир.
Кейинги йилларда халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси бўлган ердан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерлари муҳофаза қилинишини таъминлаш, уларнинг меъёрий қиймати ҳамда сифат кўрсаткичларини аниқлаш устувор вазифалардан бирига айланганининг боиси ҳам шундан.
Аммо ер ресурсларини талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш каби йиллар давомида сақланиб келаётган камчиликлар бор. Ҳудудларда, афсуски, ноқишлоқ ва қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби барча учун бир хил ва шаффоф эмас.
Президентимиз раислигида 3 июнь куни ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда бу борадаги камчиликлар кескин танқид қилиниб, ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги қайта-қайта таъкидланди.
Таҳлилларга кўра, республикамиз бўйича жами ер 44 892,4 минг гектарни ташкил этади. Улар фойдаланиш мақсади ва тартибига кўра, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга ҳамда табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, аҳоли пунктлари ерлари, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар каби тоифаларга бўлинади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг умумий майдони 20 236,3 минг гектар. Уни кенгайтириш бўйича охирги йилларда катта ишлар қилиняпти. Хусусан, жорий йилда 320 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, лалми ерлар ва яйловларни ўзлаштириш учун суғориш қудуқлари қазиш, насос агрегатлари ўрнатиш ҳамда янги мевали боғлар ва токзорлар барпо этиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Масалан, шу йилнинг биринчи чорагида ерларни фойдаланишга киритиш учун 1 070 километр суғориш тармоғи қурилиб, 258 километрли коллекторлар таъмирланди. 1011 та суғориш қудуғи ва 132 та насос агрегати ўрнатилиб, 1679 километр электр тармоғи тортилди. Натижада республика бўйича жами 161 минг гектар, шундан 77,9 минг гектари фойдаланишдан чиққан ерлар ҳамда ер ости захира сувлари мавжуд бўлган 83,1 минг гектар чўл, адир ҳудудлардаги лалми ва яйлов ерлар ўзлаштирилди ва қишлоқ хўжалиги фойдаланишига киритилди.
Йиғилишда ер соҳасидаги қонунчилик бўйича мавжуд аҳвол ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида тайёрланган таклифлар кўриб чиқилиб, ерни хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи, давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тартиби жорий этилиши билдирилди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ер умуммиллий бойликдир. Умуммиллий бойлик тушунчаси эса мамлакат ер фондининг умумий тарзда давлат мулки эканини англатади. Бошқа табиий ресурслар каби ер ҳам давлат муҳофазасида бўлгани сабабли ундан оқилона, тўғри ва илмий асосланган тарзда фойдаланиш лозим. Чунки ер, қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари, олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди.
Шу боис, юртимизда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш каби бозор иқтисодиёти талабларига мос бўлмаган амалиётларни тугатиш ва ерга бўлган ҳуқуқ турларини 6 тадан 3 тага қисқартириш кўзда тутилмоқда. Бу жараёнда ноқишлоқ ерларни хусусий секторга фақат аукцион орқали сотиш тартиби киритилиши, ноқишлоқ ерлар Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига хусусий мулк қилиб, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерлар эса ижара ҳуқуқи асосида сотилиши энг тўғри ва оқилона қарордир.
Шунингдек, йиғилишда ҳоким қарори билан нодавлат секторга ер ажратиш ҳамда ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиёти бекор қилиниши билдирилиб, қишлоқ хўжалиги ерларини фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратиш тартиби киритилиши белгиланди. Эндиликда бундай ерлар фуқаро ва ташкилотларга (чет элликлардан ташқари) очиқ танлов асосида берилади. Унга ариза қабул қилиш, талабгор ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва баҳолаш электрон шаклда амалга оширилади.
Ер ажратилиши ва ундан фойдаланилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилар экан, туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати тўлиқ бекор қилиниши, вилоят ҳокимининг ер муносабатларига доир барча қарорлари адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши таъкидланди.
Доно халқимиз айтганидек, ернинг ҳар бир қаричи олтинга тенг. Мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги учун, аввало, ерни увол қилмай, ризқу рўз ундиришда ҳафсаласизлик ҳамда суст кайфиятдан тўла халос бўлмоқ лозим. Токи ернинг умри зое кетмасин, бозорларимиз ва дастурхонимизга файзу барака келтирсин.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг