Ер даромад манбаи фақат ундан фойдалана билиш керак
Ҳар қарич ердан омилкорлик билан фойдаланишга қаратилаётган эътибор, аҳоли фаровонлигини ошириш учун берилаётган имтиёзлар томорқа хўжалигини юксалтиришга сабаб бўляпти. Буни бизнинг Пайариқ туманидаги маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин.
Хусусан, мен тумандаги “Зарафшон” МФЙ га қарашли Ривож қишлоғида яшайман. Авваллари ҳам томорқамизга турли сабзавотлар экиб, рўзғоримизга етарли ҳосил олиб тургандик. Аммо, бу фақат ёз мавсумидагина бўлиб, келгуси пишиқчиликкача бозордан сотиб олишга тўғри келарди. Шу сабаб ердан унумли фойдаланиш мақсадида иссиқхона ташкил қилишни ният қилдик. Бироқ уни қуришга етарли маблағимиз йўқ эди. Маҳалла раисининг маслаҳати билан имтиёзли кредит олдик. Бу ишда ҳоким ёрдамчиси кўмак берди. 30 миллион кредит маблағи билан хўжалигимизда иккита тўрт сотихли иссиқхона қурдик. Томорқамиздаги бу иссиқхона бугун хонадонимизнинг даромад манбаига айланган. Томорқадан даромад олиш билан бирга аҳоли дастурхонининг қишда ҳам ёз маҳсулотлари билан таъминланишига ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз.
Бир мен эмас, оиламизда кимнинг бўш вақти бўлди дегунча иссиқхонадан хабардор бўлиб туради. Исмалоқ, жағ-жағ экиб, қорли, қировли кунларда ҳам даромад қилдик. Баҳор келиши билан биринчи экинга бодринг экдик. Ҳосилга кириб, бозорга кунда-кун ора 100-150 кило бодринг сотамиз. Озгина деҳқончилик илмидан хабардор бўлсангиз етарли. Ортиқча меҳнати йўқ, муҳими, ҳосил ҳам увол бўлмайди. Керагини рўзғорга ишлатамиз, ортганини бозорга сотамиз. Рўзғоримизнинг камини бутлаб, қўшимча даромадга ҳам эга бўляпмиз.
Маҳалламиз ҳудудида бирорта саноат корхонаси йўқ. Аммо, биз каби иссиқхона қурган хонадон эгаларининг даромади ошгани сари ўз хўжалигида иссиқхона ташкил қилиш истагини билдираётганларнинг ҳам сони ортаяпти.
Аҳолининг асосий даромади ердан - томорқачиликдан. МФЙ га қарашли мавжуд олтита қишлоқнинг барча хонадонларида бир қарич ҳам ер бекор ётмайди. Шу сабабдан маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси аҳолига ажратилаётганган имтиёзли кредитларнинг асосий қисмини томорқачиликка йўналтирмоқда. Раисимиз Собир Раҳимовнинг айтишича, жорий йил бошидан буён ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан эҳтиёжманд оилалар ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланишни мақсад қилган фуқароларга қарийб 400 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Шу маблағлар ҳисобига 10 га яқин иссиқхона ташкил қилинди. Демак, маҳалламиздаги яна қанча хонадонларнинг даромад манбаи ортди.
Зилола Ражабова, Пайариқ тумани.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг