Ер ажратиш ҳамда ундан фойдаланишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш вақти келди
Ер ажратиш тартиб-тамойиллари борасида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга катта эътибор қаратилаётган бўлсада, ҳалиям бу соҳада бюрократик тўсиқлар мавжуд. Ер ресурсларини талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатлари афсуски учраб турибди. Хўш, бу каби салбий иллатларни бартараф этиш учун қандай йўл тутиш лозим? Қандай қилсак, ерлардан оқилона фойдаланамиз, ер ажратишда қонунийликни таъминлаймиз?
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда бу борадаги камчиликларни кескин танқид қилиб, ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда ер соҳасидаги қонунчилик бўйича мавжуд аҳвол ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати тўлиқ бекор қилинади. Вилоят ҳокимларининг ер муносабатларига доир барча қарорлари адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.
Бундан ташқари, ерни хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи, давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тартиби жорий этилмоқда. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш каби бозор иқтисодиёти талабларига мос бўлмаган амалиётларни тугатиш ва ерга бўлган ҳуқуқ турларини 6 тадан 3 тага қисқартириш кўзда тутиляпти. Шунингдек, ноқишлоқ ерларни хусусий секторга фақат аукцион орқали сотиш тартиби киритилади. ноқишлоқ ерлар Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига хусусий мулк қилиб, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерлар эса ижара ҳуқуқи асосида сотилади.
Бу эса ерга бўлган муносабатларимизни тубдан ўзгартиришни, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш борасида катта масъулият талаб қилинишини тақозо этади. Шу билан бирга ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик янада кучайтирилиши таклиф этилмоқда.
Ҳақиқатда бугунги кунда ерга талаб ортиб боряпти. Бир парча ердан оламшумул ҳосил олиб, рўзғорини тўкинлигини таъминлаётган кишилар кўп. Аммо ер сотишга, мўмай даромад орттиришга уринишлар ҳам борлигидан кўз юма олмаймиз. Биз депутатлар Президентимиз айтганидек, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда давлат ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишда бош-қош бўлишимиз лозим. Зеро, ер умуммиллий бойлигимиз ва ундан оқилона фойдаланиш орқали тўкинлик ва маъмурчилик яратилади.
Барно МИРЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг