Энг яхши ихтирочи аёллар тақдирланди

15:28 24 Октябр 2023 Жамият
166 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бухорода “XXI аср аёли” хотин-қизлар фестивали доирасида барча шаҳар ва туманларда семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилди. Олий таълим муассасаларида “Илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни”, “Хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятларини юксалтириш – давр талаби”, “Олима аёллар – жамият кўзгуси” каби мавзуларда илмий-амалий анжуманлар, шунингдек “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” кўрик-танлови ўтказилди.

— Мен ушбу танловда “Кўҳна ва боқий Бухоро обидаларини матода (сумкада) акс эттириш” деб номланган лойиҳа билан иштирок этдим,— дейди Бухоро давлат педагогика институтининг мусиқа ва тасвирий санъат кафедраси доценти Дилфуза Мамурова.- Биламизки, сумка ҳар бир киши, хусусан, сайёҳлар учун керакли буюмдир.Маҳаллий мато, айниқса, бўздан тайёрланган бундай сумкалар харидоргир саналади. Уларда қадимий шаҳримиз ёдгорликларини композиция тарзида акс эттириш сайёҳларни юртимизга янада кўпроқ жалб қилиш ишига ҳисса бўлиб қўшилади, меҳмонларнинг тарихимиз, миллий меросимизга қизиқишларини оширади, деган фикрдаман. Мен яратган тасвир адлия вазирлиги томонидан патентлаштирилган.

Танловга топширилган шу каби 50 дан зиёд иш экспертлар кенгаши томонидан муҳокама қилиш орқали сараланди. Муҳими, бу ишлар ҳаётга тадбиқ этилиши, ихтиролар жамият равнақига хизмат қилиши керак. Токи, эртанги кунимиз бугунгисидан яхшироқ ва мазмунлироқ кечсин.

Кўрик-танлов якунига бағишлаб Бухоро давлат университетида ўтказилган тадбирда сўз олганлар юртимизда хотин-қизларнинг ўқишлари, касб-ҳунар ўрганишлари, интеллектуал қобилиятларини юзага чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидладилар. Кўрик-танловнинг турли номинациялар бўйича ғолиблари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?