Энг катта бойлик – бу илм, яхши тарбия, ўта қашшоқлик – бу билимсизликдир!

15:30 06 Апрель 2022 Жамият
1237 0

Фото: Архив сурат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда барча даражадаги раҳбарларга таълим тизимидаги ислоҳотларда фаол иштирок этиш, ёшлар таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаслик лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилгани, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари жойлардаги шундай кенгашлар раҳбари ҳисобланиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланишини эълон қилди. Бундан ташқари ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича янги концепция ишлаб чиқилиши айтиб ўтилди.

Ҳа, Шарқ донишмандлари айтганидек, энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир! Шу маънода ўсиб келаётган авлоднинг замонавий билимларни ўзлаштириши, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиши ҳаётий заруратга айланган.

Илм-маърифат, маънавий баркамоллик жамият ва мамлакат тараққиётининг асосий негизи саналади. Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига қўшишдек улуғвор мақсадга маърифатли ва маънавиятли ёшлар билан эришиш мумкин. Бу йўлда Олтиариқ туманида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Олтиариқ туманида 47 та умумтаълим муассасаси (шу жумладан, 7 таси давлат ихтисослаштирилган мактаби) ва битта «Баркамол авлод» болалар маркази фаолият юритмоқда. Уларда 36 ярим мингдан зиёд ўғил-қизлар таълим-тарбия оляпти.

2020-2021 ўқув йилида ушбу мактабларни 2 минг 778 нафар ўқувчи битирди. Шунингдек, 2021-2022 ўқув йилида жами 3054 нафар болажон 1- синфга қабул қилинди. Уларга 3 минг 226 нафар педагоглар илғор методлар асосида таълим бериб келмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, кейинги йилларда тумандаги умумтаълим мактабларнинг 13 таси реконструкциядан, 24 таси мукаммал ва 11 таси жорий таъмирдан чиқарилди. Яъни барча мактабларимизда ўқитиш ва тарбия ишларини замон талаблари даражасида олиб бориш учун шароитлар яратилди. Лекин кеча давлатимиз раҳбарининг халқ таълими соҳасидаги ечимини кутаётган қатор долзарб масалалар хусусида баён этган фикрларини, ўринли эътирозларини тинглай туриб, ҳали олдинда бу йўналишда қилишимиз керак бўлган ишлар талайгина эканини англадик. Шунга кўра янги вазифаларни белгилаб олдик. Мақсад эса битта - яқин истиқболда туман халқ таълими тизимини фаолиятини замонавий мезонлар асосида янги босқичга чиқаришдир.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаган ҳолда таълим-тарбия тизимидаги ишларимизни янада жонлантириб, ватанпарвар ёшларни камолга етказишга ҳаракат қиламиз.

Шамсиддин Турдалиев,

Олтиариқ тумани ҳокими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?