Энди вобкентлик ёшларнинг ўз сайилгоҳи бор

14:02 30 Август 2023 Жамият
297 0

Фото: “Халқ сўзи”

Вобкент туманида 76 минг нафардан зиёд йигит-қиз истиқомат қилади. Улар бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, мириқиб ҳордиқ чиқариши учун бир муҳташам сайилгоҳга эҳтиёж сезилаётган эди. Шу нуқтаи назардан туман марказининг қаровсиз ётган бир гектардан зиёд майдонида кўркам боғ барпо этилиб, Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилгани айни муддао бўлди.

Сайилгоҳ давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида қад ростлади. У маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ажратилган 6 миллиард сўмдан зиёд сармоя эвазига барпо этилди. 600 тупга яқин манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилгани, павильонлар, миллий таомлар ошхонаси, аттракционлар, сув ҳавзаси, китоб мутолаасига мўлжалланган ўриндиқлар, хуллас, кўнгилочар маскан учун зарур барча қулайликлар яратилганидан вобкентликлар беҳад мамнун бўлишди.

— Сайилгоҳдаги шарт-шароитлар нафақат биз, ёшлар, балки ота-оналаримизга ҳам маъқул тушди,— дейди туман марказидаги “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Шаҳзод Эркинов. — Ўзим тумандаги ихтисослашган мактабда ўқийман. Шу билан бирга “Баркамол авлод” болалар мактаби машғулотларида қатнашаман. Роботехника соҳаси жону дилим. Машғулотлардан кейин эса бу ерга келиб дам олишнинг завқи бўлакча. Биз замонавий ўқув даргоҳларида чуқур билим олиш, иқтидоримизни юзага чиқариш, шунингдек, бўш вақтни мазмунли ўтказишимиз учун қулайликлар яратиб берилаётганидан хурсандмиз.

Сайилгоҳнинг очилиш маросимида сўз олган туман ҳокими Фарҳод Умаров, кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари бу гўшадаги қулайликлар навқирон авлоднинг мазмунли дам олиши билан бирга уларнинг маънавий дунёқарашини бойитишда ҳам муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтишди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?