Энди телефонларингиз 10 баробар тезроқ тўлади – Тадқиқот

Олимлар 10 баравар тез зарядланадиган янги турдаги батареяни ишлаб чиқди. Бу технология ҳозирги кундаги деярли барча портатив қурилмаларда ишлатиладиган литий-ион батареяларнинг муҳим муаммоларини бартараф этиши мумкин.
Маълумки, литий-ион батареялари сўнгги йилларда смартфон, планшет, ноутбук, қулоқчин ва бошқа кўплаб қурилмаларда кенг қўлланилиб, инсон ҳаётини анча енгиллаштирди. Аммо бу батареяларнинг камчилиги ҳам етарли: улар вақт ўтиши билан тез ишдан чиқади, нотўғри ишлаб чиқарилган ҳолатларда эса портлаш ва ёнғин хавфи юқори бўлади. Энг асосийси, литий-ион батареяларини тўлиқ заряд қилиш узоқ вақт талаб этади.
Маълум қилинишича, Россиянинг Санкт-Петербург университети тадқиқотчилари янги турдаги батареяни синовдан ўтказишди. Уларнинг таъкидлашича, бу батареялар литий-ион аккумуляторларига нисбатан 10 баравар тезроқ зарядланади.
«Биз ишлаб чиққан полимер асосидаги батареяни сониялар ичида, анъанавий литйий-ион батареяларига нисбатан қарийб 10 баравар тез зарядлаш мумкин. Бу экспериментлар орқали аллақачон исботланди», — дейди электро-кимёчи олим Олег Левин.
Янги технологиянинг асоси — нитроксил асосидаги редокс-полимер бўлиб, у зарядланиш ва зарядсизланиш вақтида электронлар алмашувини таъминлайди. Бу ҳолатда, олимлар никель-сален деб номланувчи металлополимер асосида ишлашган. Ушбу материал таркибидаги никель ва сален занжирлари молекуляр даражада электрон ўтказувчанлигини кучайтиради.
Тадқиқот муаллифлари тушунтиришича, нитроксил асосидаги полимерларда электронлар фақатгина ёнма-ён жойлашган марказлар ўртасида «сакраш» орқали ҳаракат қилади, бу эса микроскопик даражада тез бўлсада, умумий ўтказувчанлик паст бўлишига олиб келади. Никель ва сален комбинацияси бу муаммони ҳал қилиб, моддада барқарор ва самарали заряд тўплаш имконини яратади.
Бундан ташқари, янги батарея паст ҳароратда ҳам яхши ишлайди, бу эса литий-ион аккумуляторларига хос бўлмаган афзалликдир. Аммо янги қурилма ҳали ҳам литий-ион батареяларига қараганда сиғим жиҳатдан 30–40 фоиз пастроқ кўрсаткичга эга.
«Биз айни дамда заряд ва зарядсизланиш тезлигини сақлаган ҳолда сиғимни ошириш устида ишлаяпмиз», — дейди Левин.
Тадқиқотчилар фикрича, келажакда нитроксил асосидаги полимерлар юқори сиғимли ва хавфсиз энергия манбаи сифатида кенг қўлланилиши мумкин. Энг муҳими, бу батареялар таркибида атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган металлар камроқ. Масалан, никель миқдори жуда оз бўлиб, ҳозирги литий-ион батареяларига қараганда экологик жиҳатдан анча хавфсиз ҳисобланади.
Шундай қилиб, агар олимлар янги технологияни тўлиқ такомиллаштиришса, портатив қурилмаларни сониялар ичида хавфсиз ва экологик тоза тарзда заряд қилиш мумкин бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг