«Энди мен ҳам Ўзбекистон фуқаросиман... »

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Президентимизнинг тегишли Фармонига кўра, Рамазон ҳайити арафасида бир гуруҳ ҳамюртларимизга Ўзбекистон фуқаролиги паспортлари берилди. Орзу-армонлари ижобат бўлган бундай инсонлар орасида 20 нафар фарғоналиклар ҳам бор.
Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ИИБ бошлиғи, генерал майор Азизбек Икрамов барчани қўшалоқ хурсандчиликлар билан қутлаб, мамлакатнинг тўлақонли аъзоси бўлиш, айниқса, фуқаролик паспорти ғурур ва ифтихор рамзи эканлигини эътироф этди.
Таъкидланганидек, эзгу ташаббуслар доирасида 2016 йилдан буён вилоятда истиқомат қилувчи 3 минг 432 нафар шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш бўйича 5 минг 469 нафар шахсларнинг фуқаролиги тан олинди ва паспорт (идентификация ИД-карта) билан ҳужжатлаштирилди.
Бешариқлик Раънохон Раҳматова бу кунни 20 йил кутди. Қарийб 60 ёшли Раънохон опа асли Бешариқ туманида туғилиб, вояга етган. Тақдир тақозоси билан бир муддат қўшни Тожикистоннинг Исфара шаҳрида яшаб келган эди. Она юртга қайтгач эса фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномасини олишига тўғри келди.
— Президентимизга минг раҳмат! — дейди у қувонч кўз ёшларини яшира олмай. — Ўтган давр мобайнида қалбимда бир кемтиклик, ўксиниш бор эди. Қандай бахт, энди мен ҳам Ўзбекистон фуқаросиман. Бу сўзни баралла айтиш жуда ҳам ёқимли бўлар экан.
Шу боис ҳозирги қувончимни сўз билан ифодалаб бериш қийин. Бундай имконият ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг