Электр тармоқларига ноқонуний уланиш орқали 2,8 миллиард сўмга яқин зарар етказилди

18:06 01 Июль 2024 Жамият
117 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоят бўлимлари томонидан ўтказилган текширувларда 5 та фермер хўжалиги ва битта автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси томонидан электр тармоқларига ноқонуний уланиш орқали 2 миллиард 785 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Департаментнинг ахборот хизмати маълум қилди.

Биринчи ҳолатда Урганч туманида фаолият юритувчи «В.Б.» МЧЖ раҳбари Б.Р. хўжаликнинг ер майдонларини суғориш учун сув насосларини тармоққа электр ҳисоблагичдан ташқари яширинча улаб, жами 2,2 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Худди шундай ҳолат Бухоро вилоятида ҳам қайд этилди. Назорат тадбирида «У.Б.» фермер хўжалиги раҳбари У.Р. хўжалик сув насосини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари яширинча улаб, 223,5 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлган.

Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги «Н.У.» ва «Қ.Д.» фермер хўжалиги раҳбарлари ер майдонларини суғориш учун сув насосларини ўзбошимчалик билан тармоққа улаб олган. Бу эса жами 215,3 миллион сўмлик зарар етказишга сабаб бўлган.

Фарғона туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда эса «В.Ж.» фермер хўжалигида ҳамда ЯТТ А.А.нинг автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасида ўрнатилган электр ускуналари ҳисоблагичдан ташқари электр тармоқларига уланиб, жами 146,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги фош этилган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда» дейилади хабарда.

Аввалроқ икки ҳудудда «Майнинг ферма» ташкил этиб қарийб 400 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган шахслар қўлга тушгани ҳақда хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер