Дзюдо: Тошкент «Катта Дубулға» турнирининг иккинчи кунида кумуш ва бронза медали қўлга киритилди(Фоторепортаж)

22:12 06 Март 2021 Спорт
1667 0

Фото: Ҳасан Пайдоев("Халқ сўзи")

Пойтахтимиздаги «Ҳумо Арена» саройида ўтказилаётган Тошкент «Катта Дубулға» турнирининг иккинчи кунги баҳслари ҳам якунланди.

Бугун эркаклар -73 кг ва -81 кг, аёллар эса -63 кг ҳамда -70 кг вазн тоифаларида медаллар ҳамда Токио Олимпиадаси йўлидаги қимматли рейтинг очколари учун татамига чиқишди.

Бугунги беллашувларда қайд этилган натижаларимизда кечаги кунгига нисбатан ижобий ўзгариш кузатилди, десак муболаға бўлмайди. -81 кг вазнда юртдошимиз Шарофиддин Болтабоев финалга қадар етиб келди ва якунда кумуш медални қўлга киритган бўлса, аёллар ўртасида -70 кг вазн тоифасида Гулноза Матниязова бронза медалини терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Қорақалпоғистонлик дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев ҳал қилувчи финал беллашувида италиялик Кристиан Парлатига қарши татамига чиқиб, рақибига имкониятни бой берди. Натижада Болтабоев кумуш медаль билан бирга қимматли 700 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.

Гулноза Матниязова эса словениялик Анка Погачникка қарши кечган баҳсни атиги 16 сония ичида ўз фойдасига ҳал қилди. У рақибасини иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди ва бронза медали билан бирга қимматли 500 рейтинг очкосини қўлга киритди.

-73 кг вазн тоифасида бронза медали учун курашган Обидхон Номонов эса озарбайжонлик номдор спортчи Рустам Оружовга имкониятни бой берди. Шундай бўлсада Номонов қимматли бўлган 360 рейтинг очкосини ишлаб олди.

Қуйида бугунги баҳсларнинг барча ғолиб ва совриндорлари билан танишинг:

-73 кг. Эркаклар.

1. Тсогтбаатар Тсенд-Очир (Мўғулистон);

2. Жансай Смагулов (Қозоғистон);

3. Рустам Оружов (Озарбайжон);

3. Фердинанд Карапетян (Арманистон).

-81 кг. Эркаклар.

1. Кристиан Парлати (Италия);

2. Шарофиддин Болтабоев (Ўзбекистон);

3. Таканори Нагасе (Япония);

3. Сами Шуши (Бельгия).

-63 кг. Аёллар.

1. Мику Таширо (Япония);

2. Андреа Лески (Словения);

3. Энрикелис Барриос (Венесуэла);

3. Эми Ливесей (Буюк Британия).

-70 кг. Аёллар.

1. Чизуру Араи (Япония);

2. Барбора Матич (Хорватия);

3. Элвисмар Родригес (Венесуэла);

3. Гулноза Матниязова (Ўзбекистон).

Тошкент «Катта Дубулға» халқаро турнири баҳслари эртага якунланади.

Ҳасан Пайдоев("Халқ сўзи") олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер