Дунёни забт этган “Андижон Полкаси”

16:01 08 Октябр 2025 Жамият
286 0

Севимли куйларимиздан бири “Андижон полкаси”га рақсга тушмаган бирорта инсон топилмаса керак. Айниқса, йигитлар рақсга тушганда давраларга файз киради. Хорижий давлатларда янграганда ҳам кўз олдингизда шўх ва шодон ўзбек йигитлари гавдаланади. Қолаверса, соғлом инсонгина рақсга тушади.

Халқимиз орасида “Ориф гармон” номи билан машҳур созанда ва бастакор Орифжон Тошматов миллий рамзимизга айланган “Андижон полкаси” куйининг муаллифидир. Маълумки, гармон сози асрлар давомида асосан Хоразм воҳаси мусиқий ҳаётида етакчи ўрин тутган. Андижонда бу создан фойдаланиш анъанаси бўлмаган. Орифжон Тошматов гармон чалишни ўз тоғасидан ўрганиб, унинг сирларини пухта ўзлаштирди. Илк бор Андижондаги концерт дастурларига киритиб ижро этди. Гармон овозининг ўзига хос жозибаси, янги нафас билан янграши томошабинларни ҳайратга солди. Шундан кейин бастакорни ҳамма “Ориф гармон” дея бошлади. Андижон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғи (ҳозирги Алишер Навоий номидаги боғ) ҳар куни оқшом чоғи шинавандалар билан гавжум бўларди. Саҳнада куй ва қўшиқлар янграр, аммо уларнинг кўпчилиги хориж мусиқаларига мослаштирилгани сезилиб турарди. Буларни тинглаб Ориф гармон ўйланиб қолади: “Нега бизда барча имконият бўла туриб, ўз куйимиз йўқ? Биз ўз юртимиз оҳангини яратмаймиз?”

Шу илҳом билан у янги, шўх ва халқ руҳини ифода этувчи куйни басталади. 1922 йилда у биринчи марта айнан, шу боғ саҳнасида янгради. Унга “Андижон полкаси” номи берилади. Куйнинг оҳанги шунчалик таъсирли чиқадики, қисқа вақтда нафақат мамлакат бўйлаб, балки қўшни давлатларда ҳам кенг тарқалди. “Андижон полкаси” халқ қалбидан жой олгач, тез орада рақс кўринишида ҳам ишланди. 1957 йилда шу номли маҳоратли рақс ансамбли ташкил этилади. Бу жамоа қисқа фурсатда Москва, Киев, Боку, Минск ва Тбилисида бўлган маданият кунларида “Андижон полкаси” билан иштирок этиб, томошабинлар қалбини забт этди. Шу тариқа ушбу куй ва рақс ўзбек санъатининг хазиналаридан бирига айланди. Самарқандлик саёҳатчи Отабек Исмоилов Грузияга қилган сафарида қизиқ воқеага дуч келганини ҳикоя қилади: “Биз Грузияда юрганимизда тасодифан “Андижанская полька” деб ёзилган ресторанни кўриб қолдик. Табиийки, бу ўзбекистонликларга тегишли ресторан, деб ўйладик. Ҳайратланарлиси, ишчи-ходимлар грузинлар экан. Сўрасак, бу ресторан неча йиллар олдин очилган бўлиб, ўша пайтларда “Андижон полькаси” куйи жуда машҳур бўлганидан шундай ном берилган. Ҳатто ҳозиргача ҳар кеча мижозлар унинг ижросига рақсга тушаркан...” Бу воқеа миллий мусиқа маданиятимизнинг чегара билмас таъсирини яна бир бор кўрсатади.

2022 йилда “Андижон полкаси” яратилганига 100 йил тўлди. Шу муносабат билан Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан махсус “Андижон полькаси ойлиги” эълон қилинди. Ҳар йили ушбу куй асосида ўтказиладиган кўрик-танловларда минглаб ёшлар иштирок этади. Улар гармон, доира, рубоб ва қўшиқ орқали ушбу маданий меросни замонавий ижрода қайта янгратишга ҳаракат қилишади. Бу нафақат мусиқий анъанани давом эттириш, балки миллий ғурур ва маданиятни асраш ҳамдир. “Андижон полькаси” халқ қалбидан чиққан, халқ билан бирга яшайдиган куйдир. У нафақат мусиқа, балки ўзликни англаш, миллий ғурур ва яратувчанлик рамзидир. Ориф гармон яратган бу оҳангда халқнинг шодлик ҳисси, меҳнат завқи ва ҳаётга муҳаббати мужассам. Юз йил ўтса ҳам ҳануз барчамизни рақсга чорлаб, Ватан оҳангини дилларимизда янгратмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?