«Дунё садолари» ўзбек ҳунармандларини жаҳонга танитмоқда

14:27 31 Июль 2024 Жамият
212 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Хонобод шаҳрида «Дунё садолари» халқаро фестивали давом этмоқда. Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган ҳунармандлар кўргазмаси меҳмонлар билан гавжум.

Кўргазмада 50 нафардан ортиқ ҳунармандлар ўзларининг юздан ортиқ турли маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Улар томонидан тайёрланган миллий кийимлар, қўғирчоқлар, кулолчилик буюмлари, темирчилик маҳсулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— «Дунё садолари» фестивали, нафақат, маданият ва сайёҳлик йўналишлари, балки, ҳунармандчиликнинг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшмоқда, — дейди Пахтаобод туманилик ҳунарманд Ферузахон Режабалиева. — Мен ясаган миллий қўғирчоқларни бир кунда минглаб ҳамюртларимиздан ташқари, Покистон, Ҳиндистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон каби давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам харид қилишди. Энг муҳими, улар суҳбат давомида бошқа мамлакатларда бу каби маҳсулотларни тайёрлаш услублари ҳақида маълумот берди. Бу келгусида ўз фаолиятимизни янада шакллантиришга туртки бўлди.

Ферузахон Режабалиева 13 йилдирки, миллий қўғирчоқлар ясаш билан шуғулланади. Шу ҳунари ортидан яна икки нафар оила аъзоларини доимий даромад манбаига эга қилган. Ҳозирда бир ойда ўртача 350-400 дона маҳсулот тайёрлайди. Ойлик даромади 4,5-5 миллион сўмдан иборат. «Дунё садолари» фестивали доирасида бўлиб ўтаётган ушбу кўргазма унинг учун тажриба алмашиш, маҳорат мактаби вазифасини ўтаётгани билан аҳамиятли.

Жалақудуқ туманилик Муҳриддин Сафарбоев асли ҳайкалтарош. Турмуш ўртоғи Нозимахон Тўланбоева билан кулолчиликни ўзлаштирганига икки йил бўлди. Ҳозирда бир ойда ўртача 10 та ҳайкал ва 50 дан зиёд кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Уч нафар шогирдлари изидан бориб, миллий буюмлар тайёрлаш сирини ўзлаштирмоқда.

— Туманимиз ҳокимлиги саноат ҳудудидан ер майдони ажратиб берди, — дейди Муҳриддин Сафарбоев. — У ерда ўз устахонамизни барпо этиш учун қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, бир ойда юзлаб кулолчилик маҳсулотлари ва йигирмадан ортиқ ҳайкаллар ясаш имконига эга бўламиз. Қолаверса, 5 та янги иш ўрни яратилади. «Дунё садолари» фестивали доирасидаги бугунги кўргазмада маҳсулотларимизни сотиш билан бир қаторда, турдош ҳунармандлардан янги маҳсулотларни ясаш сирларини ҳам ўргандик.

Фестиваль доирасида, шунингдек, либослар намойиши, таомлар кўргазмаси, миллий спорт ўйинлари беллашувлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Маданият ходимлари томонидан тақдим этилаётган дастурлар фестивалга файз улашмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер