БАА Теҳрондаги элчихонасини ёпиш ва элчисини чақириб олишга қарор қилди

10:56 02 Март 2026 Дунё
310 0

БАА Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Эрон ҳудудидан мамлакатга йўналтирилган зарбалар муносабати билан Бирлашган Араб Амирликлари Теҳрондаги ўз элчихонасини ёпиш ва элчисини чақириб олишга қарор қилган.

Расмий баёнотда айтилишича, БАА Эрондаги дипломатик миссия раҳбарини, шунингдек, элчихона ходимларини ҳам чақириб олмоқда. Бу қарор Эрон томонидан БАА ҳудудига қарши очиқдан-очиқ амалга оширилган ракета ҳужумларига жавоб сифатида қабул қилинган.

Вазирлик маълумотига кўра, Эрон томонидан амалга оширилган зарбалар фуқаровий объектларга, жумладан, турар-жой массивлари, аэропортлар, портлар ва инфратузилма объектларига қаратилган.

Идора таъкидлашича, бундай ҳаракатлар тинч аҳоли хавфсизлигига жиддий таҳдид солади ва миллий суверенитет ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол бузилиши ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Исроил ва АҚШ томонидан Эронга қарши зарбалар бошланганидан сўнг, Теҳрон Форс кўрфази давлатлари йўналишида ракета ва учувчисиз учиш аппаратларини ишга туширган. Эрон расмийлари билдиришича, зарбаларнинг асосий мақсади минтақадаги Америка ҳарбий базалари бўлган.

БАА Мудофаа вазирлиги кейинроқ 165 та баллистик ракета ва 541 та учувчисиз учиш аппарати учирилганини қайд этди. Уларнинг катта қисми ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан йўқ қилинган.

Бир дрон Дубай аэропортига зарба бергани оқибатида тўрт нафар фуқаро жабрланган. Яна бир учувчисиз аппарат парчалари Дубай шаҳридаги дунёнинг энг баланд меҳмонхоналаридан бири бўлган беш юлдузли «Бурж ал-Араб» меҳмонхонаси минорасига тушган.

Ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган яна бир дрон парчалари эса Жебел Али портидаги причаллардан бирида ёнғин келтириб чиқарган. Жебел Али порти Яқин Шарқдаги энг йирик денгиз порти ҳамда дунёдаги энг катта сунъий портлардан бири ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?