Дўстлик ва биродарлик ришталари мустаҳкамланмоқда

18:23 08 Февраль 2023 Жамият
865 0

Фото: Халқ сўзи

Шарқда бир ҳикмат бор: узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши.

Дарҳақиқат, ён қўшни-жон қўшни бўлган ўзбек ва туркман халқларини муштарак маданият ва қадриятлар, урф-одатлардаги ўхшашлик ва теран тарихий илдизлар боғлаб туради. Икки қардош эл азалдан бир-бирининг маданиятини бойитиб, савдо-сотиқ қилиб келган, бир дарёдан сув ичган. Тили, дили ва дини бир бўлган бу икки халқ асрлар давомида ёнма – ён яшаб, қуда-анда бўлиб кетган.

Шунга мос равишда кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳам тамомила янги, сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтарилгани қувонарлидир. Ҳар икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари яқин қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида азалдан яқин қардошлик ришталаридан келиб чиқиб ва ўзаро ҳурмат белгиси сифатида мамлакатларимиз ўртасида дўстона ёрдам алмашилди – Туркманистондан юртимизга суюлтирилган газ етказилди, ўз навбатида Ўзбекистондан қўшни давлатга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 20 дона “Wolkswagen Caddy” русумли тез тиббий ёрдам машиналари жўнатилди.

Шу муносабат билан Хоразм вилоятидаги «Шовот-Тошовуз» ўтказиш пунктида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, икки халқнинг яқин қўшничилик муносабатларида чиндан ҳам янги давр бошланмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 20-21 октябрь кунлари Туркманистонга давлат ташрифи давомида икки мамлакатнинг чегарадош ҳудудида «Хоразм – Тошовуз» чегараолди савдо зонаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Унинг умумий майдони 20 гектарни ташкил этиб, ҳудудда савдо расталари, омборхоналар, контейнерлар учун майдончалар ва тадбиркорлар учун иш жойларидан иборат замонавий инфратузилма яратилади. Ушбу савдо ҳудуди икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо ҳажмининг ошишига, бизнес алоқаларнинг фаоллашишига туртки беради.

Тадбирда сўзга чиққанлар шулар хусусида тўхталар экан, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари асрлар давомида шаклланган дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга замин яратишини эътироф этдилар.

Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?