“Dori-Darmon” акциядорлик жамиятининг 2024 йил фаолияти якунлари ва 2025 йилга белгиланган режалари ҳақида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Жорий йил 28 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Dori-Darmon” акциядорлик жамиятининг 2024 йил фаолияти якунлари ва 2025 йил режалари мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга бўлган фармацевтика соҳасига давлат томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда. Охирги етти йилда фармацевтикада ишлаб чиқариш икки баробар ошган, экспорт ҳажми эса 11 карра кўпайган. Бугунги кунда юртимизда 3,5 минг турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. 2025 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон фармацевтик бозорида дори воситаларини улгуржи реализацияси билан шуғулланувчи корхоналар сони 466 тани ташкил этади, шулардан бири бир асрлик тарихга эга бўлган “Dori-Darmon” акциядорлик жамиятидир.
Улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи жамият тизимида 1480 дан ортиқ ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари фаолият юритмоқда, уларнинг 88 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган. “Dori-Darmon” ва унинг ҳудудий бўлинмалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ҳамда бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг асосий таъминотчиларидан бири ҳисобланади. 2024 йил давомида соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш-профилактика муассасаларига 160,8 миллиард сўмлик, бошқа даволаш-профилактика муассасаларига 69,2 миллиард сўмлик, хусусий секторга 30,5 миллиард сўмлик, ҚВП ва ҚОПларга 77,6 миллиард сўмлик ҳамда ҳарбий даволаш муассасаларига 2,9 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги 204-сон қарорига мувофиқ, амбулатория шароитида дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган 14 тоифадаги шахслар рўйхати белгиланган бўлиб, 2024 йил давомида мазкур шахсларга 408 716 та рецепт асосида 31 миллиард 755 миллион сўмлик дори воситалари ва тиббий буюмлар бепул берилди. Шунингдек, жамиятнинг реимбурсация дастурига уланган дорихоналари орқали жами 4,6 миллиард сўмлик дори воситалари беморларга электрон рецепт асосида бепул тарқатилди. Реимбурсация дастури доирасида гипертония ва юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги билан диспансер назоратида турган беморлар оилавий шифокорга мурожаат этиб, дорихоналардан 27 турдаги дори воситаларини бепул олишлари мумкин.
Бугунги кунда жамиятга қарашли 89 та, шу жумладан, Сирдарё вилоятидаги 44 та ва Тошкент шаҳридаги 45 та дорихона ва дорихона шохобчалари реимбурсация дастури бўйича иш олиб бормоқда. жамият тизимидаги компанияларга қарашли дорихоналарда ҳам мазкур дастурни жорий этиш ишлари бошлаб юборилган. 2024 йилнинг август ойида “Dori-Darmon” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда янги ижтимоий лойиҳани амалга оширди. Лойиҳа доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига мурожаатлар асосида пешоб қабул қилгич (мочеприемник) етказиб берилмоқда. Лойиҳа иш бошлаганидан то 2024 йил якунига қадар 600 дан ортиқ мочеприемник тарқатилди.
Жамиятга 2024 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 7664 та мурожаат келиб тушди. Шулардан 290 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан, 102 таси жамиятнинг веб-сайти орқали, 33 таси жамиятнинг ботига, 16 таси эса ёзма шаклда йўлланган. Шунингдек, жамиятнинг (78) 120-16-61 ишонч телефони орқали 7223 нафар фуқаро мурожаат қилган. Мурожаатларнинг асосий қисми дори воситаларини топишда ва олишда кўмак сўраш, шунингдек, бўш иш ўринлари ҳақида бўлган бўлиб, барчаси тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилган ҳолда асосли жавоб қайтарилди.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг