«Дўппи тикдим ипаклари тиллодан...»

10:11 14 Апрель 2025 Жамият
140 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Марғилон қадимдан ҳунармандлар шаҳри ва ота-боболардан мерос миллий қадриятлар бугунги кунда ҳам ўзгача меҳр ҳамда иштиёқ билан давом эттирилмоқда.

Таъбир жоиз бўлса, Марғилонда болаларнинг танглайи бирор-бир ҳунар билан кўтарилади. Шу боис шаҳардаги ҳар бир маҳалла у ёки бу ҳунар турига ихтисослашган. Аммо ипакчилар шаҳрида ҳар бир оила бекаси дўппи, тўн, қийиқ тикишни болаликдан ўрганади ва ушбу анъана авлоддан-авлодга ўтиши таъминланади.

«Терак таги» МФЙ аҳли дўппидўзлик билан танилган. Бугунги кунда маҳалланинг қўли ва қалби гул чеварлари томонидан тикиладиган дўппилар Фарғона водийси, бутун мамлакатимиз бўйлаб етказиб берилмоқда.

— Бу ҳунар бувимдан онамга мерос бўлган бўлса, мен дўппидўзликда учинчи авлодман, — дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи дўппидўз Насибахон Мамажонова. — Ҳозирги кунда Ферузахон сулоланинг тўртинчи авлоди вакили сифатида ишимизни давом эттираётганидан беҳад мамнунман.

Айтиш жоиз, кейинги йилларда дўппидўзликда «Устоз-шогирд» анъанаси кенг ривожланиб, Насибахон опа маҳалладаги 20 нафардан зиёд қизларга мазкур ҳунарни ўргатди. Дўппидўзликда 40 йиллик тажрибага эга бўлиб, бир ҳафтада 20 та дўппи тикади. Бу ҳунар орқали бир ойлик ўртача даромади 4-5 миллион сўмни ташкил этади.

— Марғилон дўпписининг ҳар бир гул ва безагида миллий қадриятларимиз, ўзбек аёлининг орзу-умидлари акс этади, — дейди Насибахон опа. — Хусусан, қалампирнусха, ой кўриниши, турли гуллар орқали тинчлик, фарзанд кутаётган она, шарқона латофат тимсоли сингари рамзлар ифодаланади.

Эътиборлиси, давр талаби ва эҳтиёжини инобатга олиб, дўппидўзликда ҳам инновациялар кенг қўлланмоқда. Мисол учун, бугунги кунда қўл меҳнати, тикув машинасида тайёрланадиган, турли мавсумга хос бўлган катталар ҳамда болалар учун тикилган дўппиларни учратиш мумкин.

Айни пайтда марғилонлик дўппидўзлар тикаётган ўнлаб турдаги маҳсулотлар мамлакатимиз бўйлаб етказиб берилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?