ДИПЛОМАТИК РЕНЕССАНС

11:45 10 Ноябрь 2025 Сиёсат
129 0

Архив фото

Янги Ўзбекистоннинг изчил ташқи сиёсати унинг глобал майдонда ишончли ва прагматик ҳамкор сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди

Мавҳумлик давридаги ҳамкорлик

Қайта тикланишнинг янги даври, айниқса, ташқи сиёсат йўналишида кўпроқ намоён бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон прагматизм ва ўзаро манфаатли шерикликка асосланган дипломатик алоқаларни ҳам фаоллаштирмоқда. Давлатимиз халқаро муносабатларда ишончли, масъулиятли ва аниқ мақсадларга интилаётган иштирокчи бўлиб, мулоқот руҳини белгилаш ва ҳамкорликнинг кун тартибини шакллантиришга қодир.

Ташқи сиёсат майдонида юз берган сўнгги воқеа-ҳодисаларда Ўзбекистон етакчиларга хос бўлган шундай ролни бажардики, буни бемалол “дипломатик тантана” деб аташ мумкин. Давлатимиз раҳбари сўнгги кунларда, нисбатан қисқа вақт ичида, олиб борган муваффақиятли учрашувларнинг асосий мавзулари мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларига тегишли кўп миллиардлик битим ва келишувлар, ҳамкорликнинг гуманитар йўналиши, сайёҳлик алмашинуви масалалари бўлиб, бу музокаралар бутун дунёда тан олинган, энг ривожланган давлатлар ва нуфузли ташкилотлар билан олиб борилгани аҳамиятлидир.

Ҳар қандай воқеа ёки янгиликни тушуниш учун шу воқеанинг ўзинигина эмас, балки унинг маъноси, мағзини англаш муҳим. Хўш, бугун биз яшаётган дунёнинг воқелиги, ҳақиқати нимада?

Ҳар қайси медиа-маҳсулот билан танишишни бошлар эканмиз, кўз ўнгимизда бутун бир мамлакат ёки минтақанинг фожиалари гавдаланади. Яқин Шарқда ва Украинада одамлар ҳалок бўлиши давом этмоқда. Африка қитъасидаги катта-катта ҳудудларда янги қарама-қаршилик ўчоқлари пайдо бўляпти. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган даҳшатли воқеаларни кузатиб, юрагинг орқага тортиб кетади. Қарангки, буларнинг ҳаммаси ядро уруши, бир миллатнинг бошқасидан устунлиги, одамлар онги билан “ўйнашиш”га уриниш каби масалалар ҳақида шунчаки сўз юритиш фонида юз бермоқда.

Сиёсий саҳнада ҳам шафқатсизлик бундан кам эмас. Янгиликлар тасмасидан маълум бўлишича, давлатлар яқинлашиш ўрнига, бир-бирлари билан муносабатларни узишмоқда. Ташқи сиёсатда турбулентлик — қалтис силкинишлар мавжудлиги ҳақидаги сўзларга ўрганиб ҳам қолдик. Бу эса дунёда беқарорлик, мавҳумлик мавжудлигини, оддий қоида ва қонуниятлар ишламай қўйганини англатади. Воқеалар ривожининг мураккаблиги ва шиддати сабабли жараёнларни олдиндан айтишнинг иложи йўқ, тартиб ва тартибсизлик ўртасидаги мутаносиблик бузилган. Айни вақтда юз бераётган ҳодисалар бу ноаниқлик буҳронининг марказидир.

Хўш, мана шундай шароитда Ўзбекистон қандай йўл тутмоқда? У ана шундай ноаниқлик сақланиб қолган вазиятда мавжуд муносабатларни янада мустаҳкамламоқда. Айниқса, мамлакатимизнинг нафақат туб манфаатлари, балки умумий келажаги мужассам бўлган минтақамиз — Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсат йўналиши очиқликка асосланган. Бу эса мамлакатимизнинг дунёдаги етакчи давлатлар ва куч марказлари билан ўрнатаётган муносабатларида, йирик иштирокчилар ҳамда бизнинг прагматик манфаатларимиз ўртасидаги мувозанатда ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Президенти чинакам ташқи сиёсий ренессансни бошидан кечираётган мамлакатнинг манфаатларига таянади. Бундай сиёсат ҳаётга татбиқ этилишининг натижаси эса маълум: бу мамлакат иқтисодиётига киритилаётган хорижий сармоялар ҳажмининг каррасига ортиши, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар, шунингдек, турли соҳаларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сонининг кўпайишидир. Давлатимиз раҳбари ташқи саҳнада чуқур ўйланган стратегияни рўёбга чиқаришда қатъият, шижоат ва кучли иродани намоён этмоқда.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида Президентимиз Озарбайжонда Туркий давлатлар ташкилотининг саммитида, Тожикистонда эса “Марказий Осиё — Россия” форматидаги учрашув ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарларининг йиғилишида қатнашди, Брюсселга ташриф буюрди ва бу ерда Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Шунингдек, Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилди. Сўнгра давлатимиз раҳбари Қатарда бўлиб ўтган ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитида иштирок этди. Ва ниҳоят, муҳим тарихий воқеа — Президентимизнинг АҚШга ташрифи бўлиб ўтди.

Нью-Йоркдан Вашингтонга

Давлатлар етакчиларининг учрашувларини кузатиш асносида нафақат имзоланаётган ҳужжатлар ва битимларни синчиклаб ўрганиш, суҳбатларни тинглаш, балки яна ўша вақтдаги тантана ва маросимларга эътибор қаратиш муҳим. Шу маънода дадил айтиш мумкинки, Президентимизнинг АҚШ раҳбари билан Вашингтондаги учрашуви энг юқори савияда ўтди. Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари етакчилари икки томонлама стратегик шерикликни янги босқичга кўтаришди ва бу билан муносабатларда янги саҳифани очишди.

Ўзбекистон Президенти Оқ уйнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди. Сўнг Овал хонада етакчилар музокара ўтказди. Унда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Жорий йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, “С5+1” форматида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Вашингтондаги учрашув бундан бир ойдан кўпроқ вақт аввал Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида БМТ қароргоҳида Бош Ассамблеянинг 80-сессияси доирасида бўлиб ўтган учрашувнинг мантиқий давоми бўлди. Ўшанда етакчилар Ўзбекистон — АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилган эди.

Қўшма Штатлар Президенти Ўзбекистон етакчисининг 50 дан ортиқ йирик Америка компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашув ва музокаралари натижаларини юксак баҳолади. Ўшанда фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим минераллар, молия, инновациялар, кимё, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Ушбу лойиҳа ва келишувлар икки мамлакатда ўн минглаб янги иш ўринларини яратиши таъкидланди.

Сентябрь ойида Нью-Йоркда ва ноябрь ойида Вашингтонда бўлиб ўтган икки учрашув орасида юқори даражадаги делегациялар ўртасида жадал фикр алмашишлар бўлди, катта ташкилий ишлар олиб борилди. Айнан ана шу саъй-ҳаракатлар янги музокараларга аниқ режа ва лойиҳалар, инвестиция, технология ва саноат ҳамкорлиги доирасида чуқур ўйланган таклифлар асосида ёндашиш имконини берди.

Ўзбекистон раҳбари Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатда эришилган юқори натижалар билан қутлади. Унинг ўткир халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этишдаги шахсий ҳиссасини юқори баҳолади. Ўз навбатида, АҚШ Президенти Ўзбекистон раҳбарининг Америка ҳукумати ва етакчи корпорациялари билан учрашувларини олқишлади.

Етакчилар қўшма лойиҳаларни илгари суришда институционал механизмларни яратиш ва такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлашди. Музокаралар сўнгида Ўзбекистон Президенти америкалик ҳамкасбини ўзига қулай пайтда Ўзбекистонга расмий ташрифни амалга оширишга таклиф этди.

“С5+1” саммитини алоҳида қайд этиш лозим. Унда Ўзбекистон Президенти ушбу форматни ташкил этгани учун АҚШ етакчисига миннатдорлик билдирди. Бундай формат ўзининг ўн йиллик тарихида минтақавий савдо, транспорт-энергетика алоқаларини ривожлантиришнинг самарали механизмига айлангани таъкидланди. Ушбу саммит Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотнинг янги босқичини бошлаб бериши айтиб ўтилди. Бу борада аниқ ташаббуслар таклиф этилди.

Хусусан, иштирокчи мамлакатларда навбати билан жойлаштириладиган доимий фаолият юритадиган Котибиятни таъсис этиш, давлат идоралари, компаниялар ва молия институтлари ўртасида тизимли мулоқотни таъминлаш мақсадида вазирлар даражасида Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш, “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини ишга тушириш ташаббуслари билдирилди. Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғлайдиган йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига киритиш учун Махсус қўмита тузиш, қишлоқ хўжалигини Америка технологияларини жорий этган ҳолда модернизация қилиш мақсадида Минтақавий агротехнологик инновациялар шериклигини ташкил қилиш таклифлари илгари сурилди.

Ўзбекистон Президентининг АҚШнинг етакчи музейларида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий меросига бағишланган қўшма кўргазмаларни уюштириш ташаббуси гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўз нутқи сўнгида Президент Шавкат Мирзиёев навбатдаги “С5+1” саммитини Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этди.

Ташрифнинг амалий дастури доирасида америка компаниялари, инвестициявий жамғармалари ва молиявий институтлари вакиллари билан учрашув ҳам бўлиб ўтди. Қатнашчилар орасида “Traxys”, “FLSmidth”, “McKinsey”, “Meta”, “Google”, “Amazon” ва бошқа корпорацияларнинг топ-менежерлари бор эди. Президент қайд этганидек, сўнгги саккиз йилда АҚШ билан товар айланмаси 4 мартага кўпайди, Ўзбекистонда 300 дан ортиқ америка компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Давлат раҳбарининг фикрича, ҳамкорлик бўйича эришилган бу даража янада кенгроқ истиқболли янги босқичнинг бошланиши, холос.

Шунингдек, ташриф доирасида ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Унга кўра, 2030 йилгача янги энергетика тизими яратилади, фойдали қазилмалар Америка технологияларидан фойдаланган ҳолда қазиб олинади ва қайта ишланади, АҚШнинг “Google”, “Meta”, “NVIDIA” компаниялари билан рақамли шериклик кенгайтирилади, “Apple Pay” ва “Google Pay” тўлов тизимлари жорий этилади, Рақамли академия ва стартап-хаблар тармоғи яратилади.

Президентимиз Қўшма Штатлар компанияларининг инвестициявий таклифларини шахсан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистон ишончли ҳамкор ва муваффақият кафолати бўлиб қолишини таъкидлади.

Дональд Трамп “TruthSocial” ижтимоий тармоғида икки мамлакат ўртасида ажойиб савдо-иқтисодий келишув тузилгани ҳақида хабар берди. Президент Шавкат Мирзиёевга конструктив суҳбат учун миннатдорлик билдирди, Ўзбекистон билан ҳамкорлик муносабатларини узоқ муддатли ва стратегик, деб атади.

АҚШ Президенти шуни ҳам таъкидладики, Марказий Осиё — нафақат стратегик жиҳатдан муҳим, балки жуда бой манзил, бироқ аввалги президентлар томонидан бу тан олинмаган. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги маъмурият ушбу хатони тўғрилаш, Американинг минтақадаги ҳар бир мамлакат билан ҳамкорлигини кучайтириш ниятида.

Бу сўзлардан аёнки, АҚШ минтақанинг муҳимлигини тан олган ҳолда унга бўлган эътиборни тикламоқчи. Бунда Ўзбекистон Президентининг ёндашуви, айниқса, эътирофга лойиқ. У тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, келишмовчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилади. Бу эса мамлакатимизни Марказий Осиёнинг табиий ва ишончли ҳамкорига айлантиради.

Ушбу фикрни таъкидлаган сиёсий таҳлилчи Джеймс Дурсо “The Hill” нашридаги мақоласида ёзишича, айнан Ўзбекистон минтақанинг барча тўрт республикаси ҳамда Афғонистон билан чегарадош бўлиб, у Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришда ҳал қилувчи роль ўйнади.

Ватанга хизмат қилиш йўли

Мамлакатимиз номи кейинги йилларда хорижий оммавий ахборот воситаларида тез-тез учраяпти, у сиёсий таҳлилчи ва шарҳловчилар тилидан тушмаяпти. Айниқса, бу йилги кузда Ўзбекистон бутун дунёда яна ҳам машҳур бўлди. Бунга хизмат қилган омиллардан бири — ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани бўлди. Мазкур воқеа тарихий аҳамиятга эга. Чунки кейинги 40 йил ичида конференция илк бор Ташкилот штаб-квартирасидан ташқарида ўтказилмоқда.

Унда 190 та аъзо давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан келган 2 800 нафар вакил, жумладан, 70 га яқин юқори мартабали раҳбарлар қатнашяпти. Сессиянинг очилишида мамлакатимизга ташриф буюрган Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Словакия Президенти Петер Пеллегрини ҳам фахрий меҳмон сифатида иштирок этишди.

Экспертлар баҳолашича, бундай катта анжуман учун қадимий Самарқанднинг танланиши бежиз эмас. Яъни бу — Ўзбекистоннинг глобал маданиятлараро мулоқот ривожига, маданий ва тарихий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштиришга, Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш ишига катта ҳисса қўшаётганлиги эътирофидир.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида таъкидлаганидек, бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётгани ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодасидир. “Шонли саксон йиллик юбилейини нишонлаётган ЮНЕСКО ўтган давр мобайнида таълим, илм-фан, маданият, санъат, ахборот соҳасида глобал ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик борасида жаҳондаги нуфузли институт сифатида ўзини намоён этиб келмоқда”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Самарқанднинг танланиши рамзий маънога эга эканини таъкидлаган давлатимиз раҳбари буни мазкур шаҳарнинг инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида киргани билан боғлади. Президент айтиб ўтганидек, геосиёсий кескинлик ва ҳарбий можаролар таъсирида сайёрамиздаги ноёб ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар ва бебаҳо маданий мерос катта зиён кўрмоқда.

“Давлатлар ўртасида билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бормоқда. Бунинг натижасида имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаймоқда. Бундай мураккаб вазият ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлаштиришни тақозо этмоқда”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг олийжаноб ва эзгу мақсадларига қатъий содиқ эканлиги, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёрлиги яна бир бор таъкидланди.

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле Ўзбекистон раҳбарига меҳмондўстлик ва тарихий тадбирни ташкил этганлиги учун миннатдорлик билдирди. Ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, у Ўзбекистон таклифига биноан ЮНEСКО тарихида, 40 йилда илк бор бош конференция Париждан ташқарида, Самарқандда ўтказилаётганини, унда иштирокчи мамлакатлар сони 110 дан ортиқ бўлганини таъкидлади. Одри Азуле сўзларига кўра, Самарқанд — “Қуёшга юз тутган шаҳар”, бу — “маданиятлар чорраҳасида пайдо бўлган хазина”. Шундай жойнинг танланиши ЮНЕСКО миссиясининг асосини ташкил этувчи қадриятлар, яъни мулоқот, ҳамкорлик ва очиқлик рамзидир.

Бош директор Ўзбекистон Президенти киритган ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари халқаро кун тартибининг энг долзарб йўналишларига тегишлидир. Бу йўналишлар — инклюзив таълимни ва хотин-қизларнинг лидерлик қобилиятларини ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, ҳужжатли меросни асраш, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш. Буларнинг барчаси, — деди Одри Азуле, — республиканинг ташкилот ғоялари ва қадриятларига содиқлиги, унинг тинчлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва барқарор тараққиёт мақсадлари йўлидаги қатъиятини тасдиқлайди.

ЮНЕСКО Бош конференцияси президенти Хондкер Муҳаммад Талха ҳам Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Анжуман қатнашчиларига мурожаат қилар экан, у Алишер Навоийнинг “Билим ва донолик инсоннинг безагидир”, деган сўзларини келтирди ҳамда бу сўзлар Ўзбекистон Президентининг йўлини жуда яхши таърифлашини айтди. “Айнан бу инсон билим, илм-фан ва умум-қадриятлар сари бошланган йўлни мукаммал адо этиб келмоқда. Ва бу қадриятлар, айни вақтда, ЮНЕСКОнинг идеаллари билан чуқур уйғунликдадир”, деди у давлатимиз раҳбари фаолиятига юксак баҳо бериб.

Хондкер Муҳаммад Талханинг таъкидлашича, “Ўзбекистон Президентининг йўли ҳақиқий давлат арбобининг йўлидир. Илмий салоҳият, маъмурий донолик ва ўз мамлакати тақдири учун чуқур масъулият ҳиссини ўзида бирлаштирган бу давлат арбоби ўзининг кенг амалий тажрибаси ва стратегик қарашларига таяниб, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг замонавий концепиясини шакллантира олди ва уни жамият манфаати учун ишонч билан амалга оширишда давом этиб келмоқда. Ҳурматли Президент жаноблари раҳбарлигида мамлакат барча соҳаларда мисли кўрилмаган тараққиётга эришди. Ўзбекистон ўзини дунёга очди ҳамда изоляция, алоҳида четланиш ўрнига мулоқот ва амалий дипломатияни афзал кўрди. Инсон қадр-қимматини улуғлаш тамойилларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳар бир фуқаронинг фаровонлигини таъминлаш йўлидан боришни танлади”.

ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясидаги нутқида давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ЮНЕСКО билан ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилганини қайд этди ва мазкур йўналишдаги қатор ташаббусларни илгари сурди. Булар инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш, ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш, Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш, юртимизда ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект — мактаб” намунавий лойиҳасини амалга ошириш ва Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказишдир.

Шунингдек, хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун глобал дастурларни фаол ишга тушириш ҳамда Самарқанд шаҳрида барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказиш таклифлари ҳам киритилди. Иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Нохолис ахборотларни тарқатиш, жамоатчилик фикрини чалғитиш ва дискриминацияга қарши биргаликда самарали чоралар кўриш жиддий заруратга айланаётгани айтиб ўтилди. Дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси томонидан ЮНЕСКО мақсадлари ва миссияси қўллаб-қувватлангани, унинг халқлар ўртасидаги ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тамойилларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси анжуман меҳмонларининг алоҳида эътирофига сабаб бўлди. Уларнинг фикрини умумлаштирган Хондкер Талханинг таърифича, конференциянинг юқори савияда ўтказилгани Ўзбекистон Президентининг тарихий ташаббуси туфайли амалга ошди.

Қирғизистоннинг Франциядаги элчиси ва ЮНЕСКО қошидаги доимий вакили Содиқ Шер-Ниёз айтганидек, Бош конференциянинг 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилгани — бу нафақат Ўзбекистоннинг ғалабаси, балки бутун Марказий Осиё ва барча туркий тилли халқлар учун катта шарафдир.

“Ўзбекистон учун, бизнинг биродарларимиз ва бутун минтақа учун фахр туйғуси тўлиб-тошди, — деди у. — Воқеанинг аҳамиятини таърифлаб бериш қийин. Бугун Самарқандда бутун дунёнинг инсонпарварлик элитаси йиғилди. Бу ерда маданият, фан, таълим, теварак-атроф муҳофазасини ривожлантиришга, шунингдек, сунъий интеллектни ривожлантириш йўлларини излашга қаратилган тарихий қарор ва резолюциялар қабул қилинмоқда”.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев келгуси ўн йилликда инсоният олдида турган стратегик вазифаларни аниқ кўрсатиб берди. Бу йўналишлар жуда муҳим ва долзарб, ахир улар нафақат минтақанинг, балки бутун дунёнинг гуманитар тараққиёти келажагини белгилаб беради.

Сербия Президенти Александр Вучичнинг фикрича, ЮНЕСКОнинг тадбири Ўзбекистонда ўтказилиши ушбу мамлакатнинг жаҳон маданий меросини асрашдаги ролининг эътирофидир. У ўзининг Самарқандда бўлишини катта шараф ҳамда ушбу қадимий шаҳарнинг ноёб мероси билан танишиш имконияти, деб ҳисоблайди.

— Аминманки, конференция ЮНЕСКОнинг келгусидаги тадбирлари учун намуна бўлади, у халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ва ўзаро бир-бирини тушунишга хизмат қилади, — деб якун ясади сўзига Сербия раҳбари.

Сўнгги ҳафталардаги воқеалар шуни тасдиқлайдики, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсат ўзгача сифат босқичига чиқмоқда. Ўзбекистон нафақат бутунжаҳон сиёсатининг янгича воқеликларига мослашмоқда, балки ўзи ҳам унинг фаол иштирокчиларидан бирига айланмоқда. Кўриб турганимиздек, прагматизм, миллий манфаатлар ва жаҳонга очиқликни ўзида бирлаштирган изчил ва пухта ўйланган стратегия рўёбга чиқарилмоқда. Етакчи давлатлар билан бирга ташаббусларни дадил илгари суриш, глобал гуманитар ва маданий кун тартибидаги асосий ролни ўйнаш — буларнинг барчаси реал натижаларга олиб келмоқда. Янги Ўзбекистон ўзининг ишончли ва ҳурматли шерик сифатидаги мақомини исботлаяпти ва бу мақом чинакам эътирофга сабаб бўлмоқда.

Жонажон Ватанимизнинг бугунги нурафшон тонглари, дунёда тенглар ичра тенг юксалаётгани ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғуларини жўштиради. Қалбни тўлқинлантирган ғурур, қувонч ва ҳаяжон беихтиёр шеърий мисраларга айланади:

Дунёга юз тутган Ўзбекистон бу,
Ҳали ёзилажак минглаб достон бу,
Эзгулик, ободлик ҳар қадамида,
Фахр, ифтихорли мангу бўстон бу.

Бу олам тан берган шижоати бор,
Ҳар нени енгувчи матонати бор,
Фидойи, тин билмас, элпарвар мудом,
Юртбоши бор — бахту саодати бор!

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?