Депутат туризм қишлоғидаги хизмат кўрсатиш сифатини ўрганди

11:41 01 Ноябрь 2022 Жамият
468 0

Фото: Халқ сўзи

Бугунги кунда юртимизга келадиган сайёҳлар асосан бир неча асрлик тарихий обидалар билан бирга халқимизнинг бой миллий мероси, анъана ва қадриятлари билан танишиш, заминимизнинг бетакрор табиатидан ҳам баҳраманд бўлишни истайди.

Шу боис ҳам кейинги йилларда сайёҳларга миллий урф-одат, анъаналаримизни намойиш қилиш мақсадида республикамиз бўйлаб қатор туризм қишлоқлари ташкил этилди. Хусусан, Самарқанд вилояти Самарқанд туманида Конигил, Ургутда Терсак, Нурободда Оқсой, Паяриқда Чоштепа, Каттақўрғонда Андоқсой маҳаллалари туризм қишлоқларига айлантирилган.

Бу ерларда сайёҳлар учун яратилган шароит ва уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда. 27-30 октябрь кунлари депутатлар томонидан ўз сайлов округларида учрашувлари ўтказилди. Худди шундай учрашувлар давомида Қонунчилик палатасига 71-Қоратепа сайлов огругидан сайланган депутат Наврўз Ризаев Ургут туманидаги «Терсак» туризм қишлоғида бўлди.

Тоғлар бағрида жойлашган «Терсак» қишлоғида бугунги кунда 25 та оилавий меҳмон уйи фаолият кўрсатмоқда. Туристлар учун қишлоқнинг табиий маҳсулотлари, миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиш, урф-одатларни намойиш этиш, агро-туризм йўналишида чорвачилик, боғдорчилик ҳамда деҳқончиликнинг қадимий услублари билан танишиш йўлга қўйилган.

Депутат ҳудудда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, шу маҳаллада меҳмон уйи ташкил этган Қўйсин Ҳасанов хонадонидаги Франциялик туристлар билан суҳбатлашди. Меҳмонлар мулоқот чоғида яратилган шароитлар, имконият ва қулайликлардан мамнун эканлигини билдиришди.

— Бугун хориждан келаётган сайёҳларга осмонўпар бинолар ёки энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган дабдабали меҳмонхоналар қизиқ эмас, аксинча, уларга ўзбек халқининг миллий урф-одатини ифодалаган меҳмон уйлари, оддий қишлоқ халқининг турмуш тарзи қизиқ, — дейди Наврўз Ризаев. — Туризмни ривожлантиришга сўнгги йилларда кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибор сабаб чекка-чекка ҳудудларда мана шундай туризм қишлоқлари ва меҳмон уйлари ташкил этилди. Бу жойлар сайёҳлар учун севимли масканга айланмоқда.

Мазкур қишлоқда тоғ туризми йўналишида 4 нафар гид-экскурсовод фаолият юритади. Сайёҳларни пиёда, от ва бошқа уловларда сайр қилдириш, қишлоқнинг ўзига хос табиати билан таништиришда уларнинг муҳим ўрни бор.

Қишлоқда ташкил этилган оилавий меҳмон уйлари бир вақтнинг ўзида 300 га яқин маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жойлаштириш имкониятига эга. Табиати хушманзара, одамлари хушмуомала «Терсак»да бир марта меҳмон бўлган киши, албатта, яна келишни истайди.

— Кейинги йилларда юртимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли хонадонимда ўтириб, хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Яъни биз яшаётган ҳудудда туризм қишлоғи ташкил этилиб, ҳовлимнинг бир қисмини меҳмон уйи учун ажратдим. Бугун бу ерда 4 киши иш билан банд, — дейди «Терсак шаршараси» оилавий меҳмон уйи бошқарувчиси Қўйсин Ҳасанов. — Дастлаб фақат Франциялик сайёҳларни қабул қилганман. Бугун Испания, Италия, Дания, Германия ва бошқа мамлакатлардан келган сайёҳларга ҳам хизмат кўрсатяпмиз. Маҳалламиз туризм қишлоғига айлантирилгач, 8 километр ички йўл асфальт қилинди. Яна шунча масофага замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Тадбиркорликни бошлаш, меҳмон уйлари очишни ният қилганлар сафи кенгайди. Тоғ ён-бағирларида дам олиш масканларининг ташкил этилиши сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда. Шу боис ҳам маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг қишлоғимизга қизиқиши янада ошди.

Депутат, шунингдек, бетакрор табиат манзаралари билан хорижий ва маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб қилиб келаётган «Тешиктош» экотуристик масканида бўлиб, бу ердаги шароит билан танишди. Тадбиркорлар билан суҳбат қилиб, уларнинг фикрини эшитди.

Ургутнинг Бешкон маҳалласидаги табиат мўъжизаси - «Тешиктош» масканида она табиат маҳорат билан йўнган турли шакл ва ўлчамлардаги тошлар ерга бағрини бериб ётибди. Бугун бу жойлар туманнинг экотуризм маркази, ўзига хос ташриф қоғози ҳисобланади. Доимо хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар билан гавжум бўладиган ушбу маскан бир неча йил олдин ташландиқ ҳолатда эди.

— Бу ерларга кўп йиллар етарлича эътибор берилмади, — дейди тадбиркор Жаҳонгир Бурхонов. — Яқингача ён-атрофимиз М-39 магистраль йўлидан ўтиб-қайтувчи ҳайдовчилар томонидан ташлаб кетиладиган чиқиндилар билан тўлиб-тошарди. Ҳудуд туризм маскани учун ажратилгач, вазият ўзгарди. Адирлик чиқиндилардан тозаланди, сайёҳларнинг табиат манзараларидан баҳраманд бўлиб, мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароит яратилди. Айни пайтда маскан ёнида 32 кишилик меҳмонхона қуряпмиз. Сув тортиб келишни ҳам охирига етказсак, ҳудуд яна ҳам обод масканга айланади.

Мамлакатимизда туризм соҳаси ривожига берилаётган эътибор ва бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, аввало, юртимизда янги иш ўринларини кўпайтириш ва аҳоли даромадларини оширишдан иборат. Шу орқали аҳоли фаровонлигига эришилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Ризаев жойларда сайловчилар билан учрашиб, улар билан мулоқот қилди. Фуқароларнинг мурожаатларига жойида ечим топиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?