Давлатларнинг ядро машғулоти, Зеленскийнинг чақириғи ва Вице-президент ҳалокати (+видео)
Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида
Россия ва Беларусь ядро машғулотини бошлади
Россия ва Беларусь «Иттифоқ давлати» деб номланувчи ҳарбий машғулотлар доирасида қўшма ядро қуроли машқларини бошлади.
Россия Мудофаа вазирлиги сешанба кунги машғулотлар стратегик бўлмаган ядровий қуроллардан фойдаланишни ўз ичига олганини эълон қилди.
Владимир Путин Россиянинг фронтдаги аҳволини яхшилаш учун ядро қуроли машқларини бошлашга буйруқ берган эди. Кремль хабарида ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги риторика ҳам бор.
«Машқлар Иттифоқ давлатининг суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини таъминлаш учун қўшин ва техникани тайёрлашга қаратилган», дейилади хабарда.
Ушбу ҳодиса Россия раҳбарининг Шимолий Кореяга расмий ташрифи даврида содир бўлаётгани ҳам эътиборга молик ҳодисадир.
Украина Президенти Владимир Зеленский Германияга ташриф чоғида урушнинг асосий сабабчиси Россия эканини таъкидлаб, бунинг ҳар бир куни учун жавоб беришини айтган. Шунингдек, мамлакат етакчиси украиналикларни ватанга қайтишга чақирди. «Уруш тугаганидан сўнг ҳамма уй-жойини тиклаш учун келади, хавфсизлик ўрнатилади. Ватанимизни биргаликда тиклашни хоҳлаймиз», — деган Зеленский.
Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелга кўра, ҳарбий харажатлар учун Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромаддан ташқари уларнинг ўзидан ҳам фойдаланиш ҳақида муҳокама кетмоқда.
Ғазонинг йўқотилаётган авлоди
ҲАМАС кеча БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган ўт очишни тўхтатиш резолюциясига розилик билдирган эди. «Reuters» агентлигининг маълум қилишича, гуруҳ келишувга рози бўлмаган. ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш ва Исроил аскарларининг Ғазодан олиб чиқиб кетилиши бўйича янги жадвал тақдим этган.
Фаластин бўйича гуманитар агентлик раҳбари урушдан вайрон бўлган ҳудудда 600 мингдан ортиқ бола таълимдан маҳрум бўлгани ва йўқотилган авлодга айланиш арафасида эканини айтди. Сўнгги соатларда Исроил томонидан амалга оширилган ҳужумлар натижасида 7 киши ҳалок бўлган.
АҚШ ўзбекистонликларни депортация қилади
Россия, Грузия, Молдова, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари узоқ вақт талаб қилинадиган юридик тартиб-таомилларни четлаб ўтган ҳолда тезлаштирилган тартибда депортация қилинади. Бошқа муҳожирлар судгача озод қилинади, аммо бошпана излашига рухсат берилмайди.
Чегара хизмати ходимлари янги буйруқ етарли эмаслигини айтиб, норозилик билдиришмоқда. Ноқонуний муҳожирлар муаммосини ҳал қилиш учун кўрилган чораларни эса «Титаникдаги тешикни сақич билан ёпишга уриниш», дея баҳолашган.
Вице-президент авиаҳалокатга учради
Бортида Малави вице-президенти Саулос Чилима ва яна тўққиз киши бўлган самолёт 10 июнь куни мамлакат ичида аэропорт радарларидан ғойиб бўлган. Шундан сўнг мудофаа самолёти ҳарбийлар томонидан Чикангава ўрмонидан топилгани маълум қилинди. 51 ёшли Чилима тўрт кун олдин вафот этган собиқ ҳукумат вазири Ралф Касамбаранинг ўлимидан сўнг ҳукумат вакили бўлишига номзодлардан бири сифатида кўрилаётган эди. У 2014 йилдан бери вице-президентлик лавозимида бўлиб, ёшларнинг севимли амалдори ҳисобланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг