Давлатимиз раҳбари Учтепа туманидаги Оилавий болалар уйига борди

23:23 13 Декабрь 2022 Сиёсат
732 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Президент Шавкат Мирзиёев Учтепа тумани Найман маҳалласида Миллий гвардия томонидан ташкил этилган Оилавий болалар уйи фаолияти билан танишди. 

Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси балансида бўлган, 1980 йилда қурилган бино 2022 йил 1 сентябрда оилавий болалар уйи сифатида реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Миллий гвардия ва тегишли вазирликлар ҳамкорлигида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан ишлаш соҳасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ушбу соҳага оид қабул қилинган норматив ҳужжатларга асосан яратилган шарт-шароитлар ва берилган имтиёзлар натижасида фуқароларимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ўз оиласига олиш истаги ортиб бормоқда.

Жумладан:

– 131 та Оилавий болалар уйи ташкил этилиб, 808 нафар бола тарбияга олинди;

– 18 ёшга тўлиб Меҳрибонлик муассасаларидан чиқарилган 962 нафар тарбияланувчи уй билан таъминланди. 201 нафари таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди, 6 нафарининг никоҳ тўйлари ўтказиб берилди.

Олиб борилган ишлар натижасида республикамиз бўйлаб 13 та Меҳрибонлик уйи, 4 та Болалар шаҳарчаси ва 4 та Гўдаклар уйларининг фаолияти тугатилган.

Бундан ташқари, болаларни тарбияга олиш истагини билдирган фуқароларни ўқитиш ва тайёрлаш учун Жамоат хавфсизлиги университетида янги кафедра фаолияти йўлга қўйилди.

Ўтган даврда ушбу кафедрада 414 нафар фуқаро ўқитилиб, сертификатлар топширилди.

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Миллий гвардия қошида Меҳрибонлик муассасалари тарбияланувчилари ва оилаларга тарбияга берилган болаларга психологик ёрдам кўрсатиш ва ижтимоийлашувига кўмаклашиш мақсадида Болалар психологияси маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Ўтган даврда марказнинг малакали психологлари томонидан 220 нафар бола билан психологик тренинг ва суҳбатлар ташкиллаштирилди.

Учтепа туманида барпо этилган мазкур Оилавий болалар уйи ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давомидир.

Мазкур Оилавий болалар уйи 85 сотих жойда ташкил этилган. Бино 2 қаватли бўлиб, 12 та Оилавий болалар уйини жойлаштиришга мўлжалланган. Шундан 6 таси 3, 4 таси 4 , 2 таси 5 хонали.

Барча хонадонлар маиший техника, мебель, уй ва хўжалик жиҳозлари билан таъминланган.

Комплекс ҳудудига 332 та манзарали дарахт ва буталар, 58 та мевали дарахт ниҳоллари экилган.

Томорқа учун ажратилган ерга кўчатлар ва турли кўкатлар экилган.

Бугунги кунда Оилавий болалар уйлари 6 та хонадонда ташкил этилган. Уларда 44 нафар бола тарбияланмоқда. Шундан 18 нафари ота-оналарнинг ўз фарзандлари ва 26 нафари тарбияга олинган болалардан иборат.

Қолган 6 та хонадонда Оилавий болалар уйларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мажмуага оилалар бепул, ижара шартномаси асосида, коммунал тўловларни тўлаш шарти билан жойлаштирилган.

Ота-оналарнинг ўз фарзандлари ва тарбияга олинган болалар ҳудуддаги 238-умумтаълим мактабида таълим олади ҳамда «Регистон» ўқув маркази тўгаракларига бириктирилган.

Бино ёнида 2 та спорт зал, 2 та болалар майдончаси, 60 ўринга мўлжалланган ўқув биноси, 120 ўринли ёзги саҳна, мини-футбол майдони, 2 та “Street workout” майдончаси, сайр қилиш учун хиёбон, от спорти манежи, 8 сотих томорқа майдони бор.

«Халқ сўзи»,
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?