Давлат тиббий суғуртаси — сифатли тиббий хизмат кафолати

13:24 27 Ноябрь 2024 Жамият
235 0

Мамлакатимизда илк бор Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган ушбу механизм кутилган натижасини бермоқда.

Улардан энг муҳими, энди бемор оилавий шифокор йўлланмаси асосида бепул тиббий ёрдам олиш имконига эга бўлди. Касалликларни эрта босқичларда аниқлаш, даволаш мақсадида 421 та тиббиёт бригадалари ва 202 та кўрик хоналари ташкил қилинди. Шунингдек, беморлар туман, шаҳар шифохоналарига тўғридан-тўғри эмас, балки оилавий шифокор йўлланмаси билан мурожаат қиладиган бўлишди. Энг асосийси, тор соҳа мутахассисларига мурожаатлар сони 11 фоизга камайди.

Мазкур механизм асосида кафолатланган пакет доирасидаги хизматлар йўлга қуйилиб, оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиника ва кўп тармоқли марказий поликлиникалар 235 турдаги асосий дори воситалари, 76 турдаги тиббий воситалар билан таъминланди. Давлат тиббий суғурта жамғармасининг “Реимбурсация” дастури доирасида электрон рецепт асосида “Сурункали касалликлар (юрак ишемик касаллиги, юқори қон босими, қандли диабет II тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги) билан оғрийдиган беморларни 11 турдаги дори воситалари билан кафолатли таъминлаш тизими жорий этилди.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, давлат тиббий суғуртаси туфайли соҳани молиялаштириш йўналишида ҳам ижобий натижалар кузатилди. Хусусан, маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар консалидация қилиниб, маблағларни тиббиёт муассасалари бўйича уларнинг ҳудудий жойлашувидан қатъи назар эркин тақсимлаш имконияти яратилди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларига бириктирилган аҳоли сони ва таркиби (ёши, жинси) асосида аҳоли жон бошига молиялаштириш йўлга қўйилди. Натижада туман ва шаҳарларнинг туташ чегарасида яшовчи аҳолига географик жойлашуви бўйича ўзига яқин тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши ҳамда аҳолининг ҳар бир аъзоси учун ажратилган маблағни у мурожаат қилган тиббиёт муассасасига йўналтириш имконияти ҳам яратилди.

Қолаверса, ажратилган маблағлардан фойдаланиш бўйича тиббиёт муассасаларига молиявий мустақиллик берилди. Бунда тиббиёт муассасалари ажратилган маблағларни эҳтиёждан келиб чиқиб, эркин тақсимлаш имконига эга бўлди.

Энг асосийси, ушбу механизм туфайли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошди, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, даволаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида юқумли бўлмаган касалликлар сони сезиларли даражада камайди.

Юсуф МИРХОНОВ,

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер