Давлат раҳбари инвесторларни жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берди

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида ўтган йили айрим мамлакатлардан инвестициялар камайгани, бу йилда қатор етакчи давлатлар инвесторлари билан лойиҳа қилинмагани кўрсатиб ўтилди.
Хитой, Россия ва Малайзия билан ҳокимлар ва инвесторларни бир-бирига боғлаш тажрибаси қолган мамлакатлардаги элчихоналаримизда ҳам йўлга қўйилиши зарурлиги қайд этилди.
Ўтган ойда Лондонда “Ўзбекистон инвесторлари куни” ташкил этилгани натижасида 2,77 миллиард доллар жалб қилиш бўйича келишувга эришилди. Бундай тадбирларни Нью-Йорк, Сингапур, Гонконг, Дубай, Шанхай, Токио, Истанбул каби мегаполисларда ҳам ўтказиш топширилди.
Хусусийлаштириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Бунда 15 та йирик давлат корхонаси евробонд чиқариб, IPOга қўйилади, 49 та корхонадаги давлат улуши халқаро бозорда сотилади.
“Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Инвестор келади, деб ўтирмасдан, элчилар учрашув ташкил этиши, вазирлар ва ҳокимлар бориб тақдимот қилиши керак. Шунда натижа бўлади”, деди Президент.
Шу ойда Жиззахда, июнь ойида эса Тошкент шаҳрида халқаро инвестиция форумлари ўтказилади. Вазирлар ва ҳокимларга ҳозирдан пухта тайёрланиб, инвесторларга таклиф қилиш учун лойиҳалар портфелини шакллантириш топширилди. Бундай форумларни йил давомида барча ҳудудларда ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Халқаро молия институтлари билан ишлашнинг янги тизими туфайли йил бошидан 706 миллион долларлик ишлар бажарилди.
“Иссиқлик станциялари, ҳудудий электр тармоқлари, автойўллар, қишлоқ хўжалиги, темир йўлларда ишлар анча олдинга силжиди. Узоқ муддат тўхтаб ётган жами қиймати 2,9 миллиард долларлик 22 та лойиҳа юриб кетди”, деди давлатимиз раҳбари.
Шу билан бирга, баъзи лойиҳаларга тасдиқланганидан кейин ҳам ҳокимликлар томонидан ўзгартиришлар киритилаётгани уларнинг ишга туширилишини кечиктирмоқда.
Бундан кейин тайёр лойиҳага ўзгартириш киритиш фақат ҳукумат доирасида кўриб чиқилиши белгиланди. Қўшимча ишлар лойиҳа тугагандан кейин иқтисод бўлган маблағ ҳисобидан қилинади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Самарқанд шаҳри "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" саммитига тайёр
- Сенатда Қатар Шўро кенгаши Раиси билан учрашув бўлиб ўтди
- Ўзбекистон ва Покистон етакчилари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлади
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Самарқандда «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити ўз ишини бошлади
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг