Давлат хизматчилари тиббий кўрикдан ўтказилди
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Тиббий кўрик деганда кўпчилик ишга қабул қилинаётганида саломатлиги юзасидан тақдим этиладиган маълумотномани тушунади. Мазкур бир варақ қоғоз шу қадар номига, расмиятчилик учун бўлиб кетганки, уни аксарият идораларда ходимлар бўлими мутахассислари ҳам синчиклаб ўқиб чиқишмайди. Ваҳоланки, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан йилига бир бор ўтиб туриш, энг аввало, фуқаронинг ўз саломатлиги учун фойдали. Унинг организмида яширин тарзда кечаётган нохуш ўзгариш ва турли хасталиклар эрта аниқланиб, даволаш чоралари кўрилади. Зеро, касалликни даволашдан кўра олдини олиш осонроқ, деб бежиз айтишмайди.
Мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида касалликлар ва уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини эрта босқичларда аниқлаш бўйича мақсадли тиббий кўриклар ва скрининг текширувларини ўтказиш белгиланган.
Ушбу вазифадан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилояти филиали, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарлари (бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) бўлими бошлиқлари) ва вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларида фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчилари профилактик тиббий кўрикдан ўтказилди.
— Мазкур тиббий кўрикнинг дастлабки босқичида малакали шифокорлар томонидан 500 нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари соғлиғининг барқарорлиги кўздан кечирилиб, тиббий таҳлиллар ва юзма-юз мулоқотлар асосида тиббий кўрикдан ўтказилди, — дейди агентликнинг Навоий вилояти филиали инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош инспектори Аброр Латипов. — Ушбу тиббий кўрикларда саломатлиги билан боғлиқ муаммолар аниқланган давлат хизматчиларига зарур тиббий маслаҳат ва тавсиялар, айрим ҳолатларда эса чуқурлаштирилган кўрик ва даволанишлари учун йўлланмалар берилди.
Тан олиш жоиз, тиббий кўрикдан мунтазам ўтиб туришга давлат хизматчилари ҳар доим ҳам вақт ажратавермайди. Шу жиҳатдан мазкур тадбирдан улар билан бирга идоралар ҳам манфаатдор бўлиши тайин. Негаки, халқимиз “соғ танда — соғлом ақл”, дея бежиз айтмаган. Бу омил — оилада соғлом муҳит ва фаровонлик, давлат хизматида эса самарадорликни таъминлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг