Давлат дастури ижроси ҳамда почта фаолиятига оид Қонун кўриб чиқилди

16:51 19 Апрель 2022 Жамият
692 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"

Жорий йил 19 апрель куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи ва “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қўмита мажлисида дастлаб Давлат дастурининг 2022 йил 1-чорагидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Давлат дастури ижроси юзасидан шу йилнинг биринчи чорагида 59 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.

Шунингдек, ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан геосиёсий вазият билан боғлиқ хатарлар юзасидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизни, шундан ЯИМ таркибида саноат — 5,7 фоизни, хизматлар — 6,9 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари 2,8 фоизни ташкил қилган.

Давлат бюджети даромадлари 41,9 трлн сўмга ижро этилиб, Давлат бюджетининг жами харажатлари 42,9 трлн. сўмни ташкил қилган. Ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 23,5 трлн. сўмни ташкил этиб, амалга оширилган жами харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,4 фоизга ошган. Жорий йил январь — март ойларида жами қиймати 2 млрд. 448 млн доллар бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз кўрсаткичи 167 фоизга бажарилган.

Қўмита мажлисида кун тартибидаги навбатдаги масала “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Қонун билан Вазирлар Маҳкамасининг почта алоқаси соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Почта алоқасининг хавфсизлиги почта алоқаси сирини ҳимоя қилишга, почта ва курьерлик жўнатмаларининг, почта алоқаси воситаларининг бут сақланишини таъминлашга қаратилган, қонунчиликда белгиланган тадбирлар мажмуидан иборатлиги назарда тутилмоқда.

Почта алоқаси фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқлаштирилмоқда. Хусусан, пул маблағларининг почта ўтказмаларини почта манзили бўйича ёки йўқлаб олиш тарзида олиш ҳуқуқи кўзда тутилаётган бўлса, тақиқланган моддалар ва предметлар жўнатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта алоқаси хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёхуд лозим даражада бажармаганлик учун фойдаланувчиларга етказилган зарарларнинг ўрнини қонунчиликка мувофиқ қоплаши мустаҳкамланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши почта алоқаси соҳасидаги тадбиркорликни ривожлантиришдаги кераксиз бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради.

Қўмита мажлисида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер