Дастур ижроси нега ўз вақтида бажарилмаяпти?

20:31 20 Октябр 2023 Сиёсат
277 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмиталарининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Унда депутатлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг «Республиканинг саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестицияларни кенг жалб этишни кенгайтириш орқали ҳудудларда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитдилар.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республикада фаолият кўрсатаётган 70,2 мингта саноат корхоналари томонидан 459,9 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури доирасида эса 58,5 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, режа кўрсаткичи 145,0 фоизга бажарилган.

Эшитув давомида депутатлар ҳудудий инвестиция дастури ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан қизиқдилар. Дастур ижроси нега ўз вақтида бажарилмаяпти ёки кечикиб кетмоқда? деган саволлар билан мутасаддиларга юзланди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Б. Абидов ушбу саволлар юзасидан тушунтиришлар берар экан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида қиймати 3,2 млрд долларлик 7 622 та лойиҳалар ишга туширилганини қайд этди. Бунинг натижасида эса 115,2 мингта янги иш ўринлари яратилган.

Шунингдек, шаҳар ва туманларда «маҳаллабай» ишлар ташкил этилиши ҳамда молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш орқали қиймати 355,5 млн. АҚШ долларлик 980 та қўшимча (резерв) лойиҳалар ишга туширилиб, 25,9 мингта иш ўринлари яратилган.

Муҳокамалар чоғида депутатлар соҳадаги ишларни эътироф этиш билан бирга, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар бўйича бир қатор саволлар беришди.

Вазир ўринбосарининг айтишича, жорий йил Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳасига киритилган 2 133 та лойиҳалар доирасида умумий қиймати 68,4 трлн. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш белгиланган. Бунда ушбу дастур тўлиқ рўёбга чиқарилиши натижасида 6,1 млрд. АҚШ долларлик маҳсулотлар импорти қисқариши ва 1 320 та турдаги талаб юқори бўлган маҳсулотлар ўзлаштирилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, шу йилнинг январь-сентябрь ойларида ушбу Дастур доирасида 58,5 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ҳисобот даври прогнози 145,0 фоизга бажарилиши таъминланган.

Қўмита аъзолари бу борада қилинган ишларни ижобий баҳолаган ҳолда, Дастурда белгиланган умумий режа кўрсаткичлари бажарилган бўлсада, айрим тармоқ ва ҳудудий корхоналарда Дастурни бажаришда қолоқликларга йўл қўйилганлигини қайд этдилар. Жумладан, Дастурга киритилган 176 та лойиҳада 5,0 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши бошланмаган.

Йиғилишда депутатлар вазирлик томонидан қилинган ишларни эътироф этиш билан бир қаторда, ушбу соҳада айрим камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар бердилар.

Якунда кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер