Дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш тақиқланмоқда
Фото: Gazeta.uz
Жорий йил 7 март куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.
Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Хусусан, сенаторлар янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги Қонунга эътибор қаратдилар. Таъкидланганидек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжудлиги, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Биргина 2021 йилда реклама соҳасида 15486 та қонун бузарлик ҳолати аниқланган. Жумладан, ташқи реклама ва бошқа рекламаларда 10249 та, дарахтлардаги реклама ва эълонларда 3416 та, дори-дармон ва биологик фаол қўшимчалар рекламасида 658 та, тамаки ва алкоголь маҳсулоти рекламаси 499 та, букмейкерлик ва тотализаторлар хизматлари рекламаси 260 та, маданий мерос объектлари бўйича 150 та, хусусий таълим ва тиббиёт муассасалари 110 та, рағбатлантирувчи конкурс ва акциялар 103 та ҳолат қайд этилди.
Янги таҳрирдаги Қонунга қонуности ҳужжатлар нормалари ҳам киритилган.
Қонунга амалиёт ва хорижий тажриба таҳлили асосида рағбатлантирувчи реклама акцияларини ташкил этиш ва ўтказишга оид нормалар киритилган. Хусусан, тегишли мукофот фондисиз рағбатлантирувчи реклама акцияларини ўтказиш тақиқланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйиладиган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда.
Хусусан, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.
Шунингдек, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда. Жумладан, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати учун йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланмоқда.
Сенаторлар муҳокама жараёнида Қонунда баён этилган айрим моддаларнинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ ҳолатларга ҳам эътибор қаратди.
Шунингдек, мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ва ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методика ишлаб чиқилмаган. Оқибатда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индексини аниқлаш ишлари амалга оширилмай қолган.
Очиқ ва доимий эълон қилиб борилиши лозим бўлган маълумотларни расмий веб-сайтлар ва очиқ маълумотлар порталида (data.egov.uz) жойлаштириш шакли, вақти, тартиби акс этган алоҳида йўриқнома ишлаб чиқилмаган.
Давлат органлари ва ташкилотлари кесимида таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, зарур маълумотлар кўпинча Маданият вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Маданий мерос агентлиги, Хоразм, Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилояти ҳокимликлари томонидан жойлаштирилмайди.
Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Бугун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг