Даромад келтираётган чиқинди

16:28 05 Сентябр 2025 Жамият
107 0

Кейинги йилларда бутун дунёда чиқиндиларни қайта ишлатиш масаласи кескинлашди. Полигонлар ақл бовар қилмайдиган даражада ўсиб бормоқда. Ҳамма нарса арзон пластмасса, қоғоз, шиша идишларга қадоқланган, уни ишлаб чиқариш ўсиб бормоқда. Истеъмолчилар тезда эски нарсаларни ташлаб, янгиларини сотиб олишга мажбур. Чиқиндиларни бошқариш масаласи Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар жойлашган ҳудудларда ҳам анча муаммо бўлиб келаётганди. Аҳоли хонадонлари тор, боши берк кўчаларда жойлашган. Катта ҳажмдаги юк ташувчи машиналар маҳаллаларнинг ички кўчаларига сиғмайди. Бу чиқиндини ўз вақтида ташиб чиқаришда қийинчилик туғдиради. Оқибатда аҳолидан кўп шикоятлар тушарди.

Давлат раҳбари мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларга бағишланган йиғилишда ҳудудларимизда экологик тоза ҳаётни таъминлаш учун енгил ва қулай бўлган замонавий электромотореллерлардан фойдаланиш зарурлигини тавсия қилганди. Шу тариқа Самарқанд шаҳрида илк тажриба сифатида чиқиндиларни замонавий электромотороллерлар ёрдамида ташиш йўлга қўйилди.

Самарқанд шаҳридаги “Эл Холдинг” МЧЖ ҳам ёқилғи, ҳам электр қувватида ҳаракатланувчи 20 та махсус чиқинди ташишга мослаштирилган мотореллерлар ишлаб чиқарди. Айни пайтда улар шаҳарнинг 20 га яқин тарихий обидалари жойлашган маҳаллаларни чиқиндилардан тозалаб, санитар аҳволини яхшилашга хизмат қилмоқда. Мазкур электромотороллерларнинг ҳар бири кунига икки мартадан 3-3,5 куб яъни, 9-10 тонна миқдорида маиший чиқиндиларни қайта юклаш шохобчасига ташиб чиқармоқда. Тежамкор мотороллерларда уч кунда бир марта қувватлантириш орқали 200 километр масофани босиб ўтиш мумкин. Агар синов муваффақиятли якунланса, 140 нафар ишсизлар иш билан таъминланади.

– Ҳозирча транспортларимиз Қўшҳовуз, Ургут каби маҳаллаларда синовдан ўтказилмоқда, – дейди “Мароқанд обод” давлат муассасаси директори ўринбосари Шоҳбоз Нурбоев. – Мотороллерлар кўчаларни чиқиндилардан тозалаб бўлгач, ҳар бир маҳалла ҳудудида жойлашган қайта юклаш пунктига келган катта юк машиналарига ортилиб, марказий чиқинди полигонига жўнатилади.

Соҳадаги асосий муаммо чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ. Бугун республикамизда фаолият юритаётган 270 та чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар томонидан бир ойда йиғилган 14 миллион тонна чиқиндининг 5,2 фоизигина қайта ишланади, холос. Ана шу йўналишдаги ишларни кенгайтириш мақсадида Самарқанд шаҳрининг Сўлим қўрғони ҳудудида 15 гектар майдонда чиқиндидан энергия ишлаб чиқарувчи корхона қурилмоқда.

“Яшил иқтисодиёт” тамойилларига мос келувчи мазкур замонавий лойиҳа Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитойнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

– Келгуси йилда ишга тушиши режалаштирилган корхонамиз ҳозирча Марказий Осиёда ягона ҳисобланади, – дейди “Shanghai SUS Environment” LLC компанияси қурилиш бўйича бош директори Ю.Женг.– Айни пайтда 20 дан зиёд махсус техника, юздан зиёд ишчилар меҳнат қилмоқда.

Ушбу лойиҳа асосида кунига 1,5 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 240 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган лойиҳага 150 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилган.

Каттақўрғондаги “Анваржон Бизнес инвест” МЧЖ, “Мансурбек қўрғон сервис” МЧЖ санитар тозалаш корхоналари бу йўналишда 10 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Мазкур корхоналар Каттақўрғон шаҳридан ташқари Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманлари ҳудудларидаги 200 дан ортиқ маҳаллаларда яшовчи 700 мингга яқин аҳолига санитар тозалаш хизматини кўрсатади. Ҳудудларда ташкил этилган 28 та чиқинди сараловчи шохобчаларда жамланиб, сўнгра қайта ишловчи корхонага жўнатилади. Бунинг учун 90 та турли махсус техникалар жалб қилинган. Улар тўлиқ GPS – онлайн тизимига уланган. Корхона ишчилари томонидан бир кунда 280 тонна чиқинди олиб чиқилиб, шунинг 20 тоннаси қайта ишланади.

Жорий йилда 50 минг 400 тонна олиб чиқилган чиқиндининг 3 минг 600 тоннаси қайта ишланиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамкор корхоналарга жўнатилган. Улардан электр кабель ва жиҳозлари, карниз, плинтус, шунингдек, плитка қопламалар учун турли бўёқлар ишлаб чиқарилмоқда.

– Бугунги кунда корхонамизга қарашли 8 та минизаводда пластик, полимер, металл, шиша, резина, картон-қоғоз каби 13 турдаги чиқиндини қайта ишлаш йўлга қўйилган, – дейди тадбиркор аёл Гулмира Жумаева. – Фарғона, Жиззах, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги бир қатор қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни хом ашё билан таъминлашга эришдик. Корхонамизда модернизация ишларини амалга ошириш мақсадида янги қурилаётган бинога ўрнатиш учун Хитойдан 3,5 миллиард сўмлик янги замонавий асбоб-ускуналар олиб келдик. Корхоналарда меҳнат қилаётган 426 нафар ишчининг 120 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож дафтарларга киритилган аҳоли вакиллари, 30 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ҳам иш билан таъминланган.

Тадбиркор ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Эко-Шымкент” чиқинди сараловчи корхонасини ташкил этди. Мазкур корхона тўлиқ ишга туширилса, ўнлаб маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам янги иш ўрни билан таъминланади. Чиқиндини қайта ишлаш имконияти янада кенгаяди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?