Чорбакр туризм қишлоғига айланади

14:38 15 Сентябр 2025 Жамият
87 0

Чорбакр юртимиздаги энг қадимий гўшалардан саналади. Тарихий маълумотларга кўра, у яшаб ўтганига минг йилдан зиёд бўлган тўрт авлиё —Ҳазрат Абу Бакр Саъд Яманий, Ҳазрат Абу Бакр Ҳомид, Ҳазрат Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл, Ҳазрат Абу Бакр Тархон шарафига шу ном билан аталган.

Чорбакрлар ва уларнинг авлодлари ўзларига вақф қилиб берилган ерлардан олинган даромадни эл-юрт фаровонлиги, илму маърифат равнақи учун сарфлашган. Бухорода катта нуфузга эга бўлишган. Ҳукмдорлар уларнинг маслаҳати, йўл-йўриғига эҳтиёж сезган. Бу ерда бир-бирига туташ оилавий хазина ва дахмалар, хонақо, масжид бор. Улар яхлит ҳолда Марказий Осиёдаги энг йирик қадимий қадамжолардан бири ҳисобланади. Чорбакрда кўплаб зиёратчиларни учратиш мумкин.

Айнан шу каби омиллар бу кўҳна манзилни туризм қишлоғига айлантириш ғоясига сабабчи бўлди. Шунга кўра, қишлоқ бўйлаб салкам бир километр масофада кўплаб хизмат кўрсатиш шохобчалари, миллий таомлар тайёрланувчи шинам ошхоналар, кўнгилочар гўшалар фаолияти йўлга қўйилади. Ён-атроф ободонлаштирилади. Қўл меҳнатига асосланган ҳунармандчилик буюмлари тайёрлаш қамрови кенгайтирилади. Маданий тадбирлар уюштиришга шарт-шароит яратилади. Бу янги иш ўринлари яратилишига ҳам олиб келади. Ушбу хайрли иш давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 августдаги “Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бажарилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?