Чимбойнинг она қизи

00:27 12 Март 2021 Жамият
828 0

Кегайли канали… Омонатгина  кўприк устидан ҳар куни неча бор ўтиб қайтадиган беш яшар қизалоқ кичиклигига қарамай катталар сингари жасоратли эди. Тумандаги пахта заводида қоровуллик билан оила тебратадиган отаси, Сайт акага онаси Гулзира опа  пиширган овқатни ташийдиган Онесия кучли шамолдан тебранаётган кўприкдан ўтаркан, пастга қараб-қараб қўярди. Пишқириб, кўпик сочиб оқаётган сув қизчанинг кўйлагини ҳўл  қилар, сочини тўзғитиб, юзларига шитоб билан уриларди. Оиланинг тўнғич фарзанди эмасми, укаларига ғамхўрлик қилиш, онасига ёрдамлашиш, отасига дастёр бўлишга тиришар ва бунинг уддасидан чиққарди. Мактабдан келиб, уй юмушларини бажаргач, отасига чангакдан қўра ясашга ёрдамлашар,( ўша пайтда оҳурлар шундай бўлган), гарчи, кучи етмаса-да, бир томондан елкаси билан итариб турар, отаси сим билан чангакларни бир-бирига туташтириб боғларди.

Канал бўйидаги отаси эккан қоратол, оқ тераклар қизча хаёл оламининг бир қисми эди. Кундан-кун бўй чўзиб бораётган дарахтлар билан бирга унинг орзулари ҳам улғаярди.

Отасининг меҳнаткашлиги Онесияга ўтган бўлса керакки, у  ҳар куни неча чақирим йўл босиб, теракларга сув қуйгани келарди. У онаси жуда тежамкор аёл бўлганлигини шундай эслайди: “Онажоним, доно аёл бўлган экан. У киши рўзғорнинг бекаму кўст бўлиши учун қўлидан келганча отажоним билан елкама-елка туриб, қўлидан  келганча меҳнат қилган. Уйимизда сигир, бузоқ, қўй, қўзига қарар, хуллас, оилага нима керак бўлса барисини бажарарди. Энди билсам, онажоним бугунги тил билан гапирганда “иқтисодчи” бўлган экан…”

Чин дилдан қилинган ҳар қандай ният, албатта, ижобат бўлади. Нуронийлар  “ният-халос” деб бежиз айтмас экан. Болалик пайтида “Катта бўлсам, албатта, дўхтир бўламан”, дея тилак тилаган қизалоқ йиллар ўтиб ўзи орзу қилган ниятига эришди. Ундаги дангаллик, довюраклик айнан қорақалпоқларга хос хислат. Қаҳрамонлик ўз-ўзидан туғилмайди. Машаққатли меҳнат, жонфидолик ва касбга садоқат, халқнинг ишончи-ю муҳаббатини қозониш орқали эришилади бундай мақомга. Меҳнат инсонни тарбиялайди, юксакларга кўтаради.

1949 йил Чимбой шаҳрида туғилган Онесия Сайтова шаҳардаги 2-мактабда таҳсил олади. Синфдошлари орасида ўзининг билимдонлиги, хулқи ва тиниб-тинчимаслиги билан намуна бўла олган тиришқоқ қизча фанларни яхши ўзлаштирибгина қолмай, етакчиликни ҳам ўрнига қўярди. Ўқувчилик чоғида математика, физика фанларидан фан олимпиадаларига доим қатнашиб, ютуқларга эришган, ҳатто, спортнинг енгил атлетика тури бўйича шаҳарда 1-ўринни эгаллаб, республика  бочқичида ҳам иштирок этган. Ҳар доим олдинги сафда бўлган ўқувчи мактабни кумуш медаль билан битирди.

– Бир куни дадажоним қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Кечга бориб аҳволи янада оғирлашди. Табиийки, “тез ёрдам” чақирдик. У пайтда мен 5 яшар эдим. Уйга оқ халатли шифокорлар кириб келди. Қўлларида катта темир жамадон кўтариб олишган. Ойижоним уларни дадам ётган хонага олиб ўтди. Мен ҳам орқаларидан эргашдим. Хонанинг бир бурчагида ўтирарканман, уларнинг хатти-ҳаракатларини жим кузатдим, шунда дўхтир дадамга укол қилди. Кўзларим жовдираб бир дадамга, бир дўхтирга қарайман. Дўхтир ўзини эркин тутар ва ўз ишини бамайлихотир бажарарди. Бир муддат ўтгач, қайта текшириб, табассум билан ўринларидан туришди. Орадан қанча ўтди билмадим. Бир пайт дадам кўзларини очди. Барчамиз қувониб кетдик. Айниқса, мен, чунки дадамни ҳаммадан кўпроқ яхши кўрардим. Ёнига бориб, юзини силадим, қўлини маҳкам сиқиб: “Дадажон, тузалдингизми? Катта бўлсам, албатта, дўхтир бўламан, сизни ўзим даволайман!” дедим.

Дадам пешонамдан ўпиб: “Илоҳим, ниятинга ет!” деди. Шу воқеа сабаб бўлдими ёки болаларча қизиқишми, билмадим, шифокор бўлишга аҳд қилдим. Балки дадамга бўлган меҳрим ёки уни йўқотиб қўйишдан қаттиқ қўрқаним мени шифокорликни танлашга ундади”, дейди Онесия Сайтова орзулар оламидаги илк қадамларини эсларкан.

Андижон тиббиёт билим юрти… Мақсадларига тамал тошини айнан шу даргоҳда қўйди. Ўқиди,ўрганди,изланди. Тиббиёт билим юртини тугутгач, яна ўқишини давом эттирди. Андижон тиббиёт билим юртида ҳам курсдошларига ўрнак бўла олди.

Отасидан меҳнаткашлик ва қатъийликни, онасидан меҳр ва тежамкорликни олган шифокор Андижонда ўтган талабалик йиллариданоқ ён-атрофидагилар, асосийси, устозларининг  меҳрини қозонди. Унда вазиятни тўғри баҳолай олиш фазилати кучли бўлган. Шунданми, аёллар шифокори бўлишга қарор қилади. Боиси аёллар шифокори етишмасди, айниқса, қишлоқ жойларида.

Аёлнинг бахти оиласида деганлари рост экан. Бу борада ҳам омади чопиб, бўлғуси турмуш ўртоғи, шўманойлик Қувончбой Есенбоев билан шу ерда танишиб, йигитга кўнгил қўйди. Ўша даврда ягона саналган пахтачилик институтида таҳсил олган Қувончбой рафиқасини бахтли қила олди.

Ҳаёт инсонни тоблаганидек, турмушнинг паст-баландликларида тобланган бу инсонлар  кўпчилик ўрнак олса арзийдиган оилага айланди.

Институтни тамомлагач, ҳозирги Деҳқонобод овулида аёллар  шифокори бўлиб иш бошлайди.

– Овулнинг оғир турмуши. Камқонлик, йилда фарзанд кўравергач холсизлик ва турли асоратлар гирдобига тушиб қолган аёллар… Хотирам панд бермаса, 1973 йил ёз ойи эди. Оғир аҳволдаги аёлдан чақирув келди. Терапевт Йўлдошбой оға билан бирга йўлга тушдик. Зудлик билан операция қилишга тўғри келди. Чунки онанинг ҳам, боланинг ҳам ҳаёти хавф остида эди. Икковимиз ҳам қора терга тушиб, операция йўли билан аёлни туғдириб олдик. Бир пайт Йўлдошбой оға менга қараб, “аёлнинг юраги тўхтаб қолди!”, деса бўладими. Фурсат кутиб турмасди, ўзимни қўлга олдим. “Тўртинчи қовурға билан кўкрак қафаси қўшилган жойни кўрсатинг”, дедим. Ҳеч иккиланмай юраги ичига укол юбордим. Аёлнинг юраги уриб кетди. Операциядан чиқарканман, ичимдан институтда таълим берган ўқитувчиларим ва интернатурада қаттиққўллик билан устозлик қилган профессор-ўқитувчилардан жуда миннатдор бўлдим. Шунда шифокор учун жуда муҳим нарса бу – тўғри ташхис ва лозим пайтда тўғри қарор қабул қилиш эканлигини англадим. Бу – менинг илк операциям эди. Ўшанда бироз иккиланганимда ёки кечикканимда аёлни сақлаб қололмасдик.

Кейинчалик биз оиламиз билан Нукусга кўчиб келдик ва мен 21-кичик туманда участка акушер-генеколог бўлиб иш бошладим. Эринмай уйма-уй юриб, ҳомиладор аёлларни аниқлар, лозим бўлса жойнинг ўзида таҳлил  олардим. У пайтда ҳомиладор аёллар поликлиникаларга боришавермасди. Шу боис ўзим назорат қилардим. Ишимга шунчалик масъулият билан ёндашганманки, ҳудудимда 80 фоиз ҳомиладорларнинг саломатлик даражаси туғруққача аниқ эди. Шундан бўлса керак, йиғилишларда доим мақтов эшитганман.

 Ҳаётимда қизиқ воқеалар кўп бўлган. 1979 йили стационарга, шаҳар туғруқ уйига ўтишим керак бўлди. Шунда раҳбарларга: “Мен ё участка шифокори бўлиб ишлай ёки бўлмаса аёллар шифокори бўлай, битта ишни мукаммал, аъло даражада бажаришни хоҳлайман”, деб шарт қўйдим. Аммо нимагадир таклифимни инобатга олишмади. Шунда ишдан кетишга қарор қилдим ва қароримни айтдим. Шундан кейин рози бўлишди. Шунда ҳам туғруқдан кейинги бўлимга юборишди. Энг қизиғи, бирор бўлимда мудир бетоб бўлиб қолса ёки бирор иши чиқиб қолса, ўшанинг ўрнига мени вақтинча қўйишарди. Шундай кезларда ҳафа бўларди. Ҳозир эса бундан асло афсусланмайман. Балки, мен шу йиллар орасида катта тажриба тўплагандирман. Очиғи, институтдаям ундан кейинги интернатурадаям кучли профессор-ўқитувчилар сабоқ бергани боис нафақат мен, балки ўша пайтдаги битирувчилардан кўпчилиги билимли ва таниқли шифокор бўлиб етишиб чиқди.

Йиллар ўз сўзини айтади, албатта. Бу орада катта тажриба ва малака орттирган  шифокор меҳнатда тобланиб бораверди. Натижада малакали мутахассис бўлиб етишди, 1-тоифали шифокорга айланди.

Меҳнаткашлиги, керак пайтда тўғри қарор қабул қилиши билан ҳурмат қозонди, муҳими, қўли енгил дояга айланди.

1985 йили Соғлиқни сақлаш вазирлигида бош акушер-гинеколог вазифасидаги фаолияти давомида Элликқалъа, Беруний, Шўманой, Хўжайли туманларида туғруқ бўлимлари очилишида бевосита ташаббус кўрсатган.

— 1992-94 йиллар Республика туғруқхонасида бош шифокорлик пайтим эди. Қораўзакдан чақирув бўлди. Соат тунги учлар эди. Ҳаммаёқни қор қоплаган, йўллар сирпанчиқ бўлганидан манзилга яқин қолганида машина тойиб, издан чиқиб кетди. Қўлимда бемор учун олиб чиққан заҳира қон-плазма бор эди. Машина у ёқдан бу ёққа сирғалар ва биз ҳам машина ичида бориб келардик. Плазма ерга тушиб кетмаслиги учун уни маҳкам қучоқлаб олганман. У пайтда плазмани сақлайдиган махсус идиш бўлмаган. Бир амаллаб машина тўхтади ва мен йўловчи машинага чиқиб етиб бордим. Вақтни бой бермасдан операция йўли билан чақалоқни ҳам, онани ҳам сақлаб қолдик. Чақирувдан келсак, ҳамкасблар дарвоза олдига чиқиб қарши олди. Уларнинг кўзларидаги қўрқув ва қувонч ёшларини кўриб биз ҳам йиғлаб юборгандик. Буни қаранг, ёмон хабар тез тарқаларкан, автоҳалокатга учраганимиз хабари биздан олдин етиб келган экан.

Табиатан меҳнаткаш, чўрткесар, масъулиятни биринчи ўринга қўювчи шифокор, фаолияти давомида кўплаб оилаларга қувонч улашди, қанчадан-қанча чақалоқларга доялик қилди. Аниқ саноғини ўзиям билмайди. Қўли енгил доя сифатида довруғ қозонган Онесия опа туғруқ бўлими бўладими, чақирув бўладими, ҳатто, уйма-уй юриб ҳомиладорларни аниқлаб, уларга тўғри ташхис қўйишдаги жараёндами, қандай шароит ва қандай лавозимда ишламасин, касбига садоқат билан ёндашган. Касбини оиласидан, ўзлигидан, олдинги  ўринга қўйганлиги боис, унинг навбатчилик пайтида бирорта ўлим ҳолати юз бермаган.

Аёл боши билан тунни тонга улаб, сув кечиб, овул оралаб, ёмғиру дўлдами, фарқи йўқ, заҳмат чекиб меҳнат қилганди.

“Меҳнат қилган элда азиз” деганларидек, меҳнати қадрланди. 1997 йили Мустақиллик байрами арафасида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди. Чекка овулда поликлиника шифокорлигидан вазирликда акушер-гинекологгача, республика туғруқ уйи генекология бўлими мудиридан, республика туғруқ уйи бош шифокоригача, поғонама-поғона фаолият юритиб келаётган шифокор аёл, бугунги кунда етмиш ёшдан аллақачон ошган бўлса-да, ғайратда ёшлардан қолишмайди. У айни пайтда Қорақалпоғистон республикаси ҳудудий перинатал марказида шифокор-ординатор бўлиб ишлайди.

Бугунгача кўпгина шогирдлар орттириб, уларга ўз касбининг сир-асрорларини эринмай ўргатиб келмоқда. Ойпара Наубетова, Калжан Абдиғаппорова, Мурод Низомаддинов сингари шогирдлари бугун масъул лавозимларда фаолият олиб боряпти.

…Бугун хотираларини кулиб эслаб ўтиргани билан унинг ҳаёти осон ўтмаганини, икки йўл ўртасидаги аёл саломатлиги йўлида ўлиб-тирилганлигини сочларидаги оқ, чеҳрасидаги йиллар солган излар айтиб турибди.

Фотима АБДУРАИМОВА.

Қорақалпоғистон Республикаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер