Чекка маҳаллада янги тиббиёт муассасаси ишга туширилди

16:31 14 Январь 2026 Жамият
256 0

Мамлакатимизда инсон қадрининг улуғланиши, унинг саломатлигини сақлаш, сифатли тиббий ёрдам олиш жараёнларига ҳам дахл этиб, инсоният тиббиётда эришган ютуқлардан бугунги кунда аҳолининг барча қатламлари учун бирдек фойдаланиш имконига эга бўлишмоқда. Бунда хусусий тиббиёт муассасаларининг улуши тобора ошиб, аниқ ташхис қўйиш ва муолажа имкониятларини олис ҳудудларга яқинлаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

Навбаҳор туманининг “Бешработ“ маҳалласи ҳудудида ташкил этилган янги тиббиёт муассасаси шулардан бири. Муассаса аҳолига қулай ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни мақсад қилган бўлиб, бу ерда эндокринолог, лор, уролог ҳамда терапевт каби тор мутахассислар фаолият олиб боради. Энг илғор тиббий технологиялар билан билан жиҳозланган лабораториялар аниқ ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Муассасада 11 та стационар даволаниш ўрни мавжуд.

  • Меҳнат фаолиятимнинг асосий қисми туман тиббиёт бирлашмасининг раҳбарлик лавозимларида ўтган, — дейди фахрий шифокор Бобожон Ғаффоров. — Албатта, мазкур муассасадаги ташхис қўйиш ва даволаш ускуналарининг аксарияти биз каби шифокорларнинг узоқ йиллик орзуйимиз эди. Шубҳасиз, мазкур салоҳият шифо самарадорлигини оширади.

Муассасанинг очилиш маросимида иштирокчилар янги тиббиёт маскани фаолияти билан танишиб, яратилган шарт-шароитлар ва тиббий хизматлар сифатига юқори баҳо беришди. Шунингдек, улар тадбиркорнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаб, бундай лойиҳалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ва хусусий секторнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидладилар.

Янги хусусий тиббиёт муассасасининг ишга туширилиши маҳалла ва унга яқин ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун зарур қулайлик яратиши билан бирга турли касалликлар профилактикасида ҳам муҳим ўрин тутади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?