“Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму”

Халқимиз тарихида ҳам шоҳ, ҳам шоир бўлган шахслар жуда кўп учрайди. Бироқ улар орасида Мирзо Бобур ўзгача ижоди билан ажралиб туради. У ҳаётда шоҳ бўлсада, шеъриятда нолавор куйловчи ошиқ, адолат ва ҳақиқатни эъзозловчи инсон, ишқ ва муҳаббатни улуғловчи шоир сифатида намоён бўлади.
Автобиографик характердаги шеърларининг яратилиш тарихи “Бобурнома” асарида бериб ўтилган. Жумладан, Бобур Мирзо Ҳирийдан Кобулга қайтаётганида қалин қор ёғиб, йўллар тўсилиб қолган. Ўзи отдан тушиб, қор тепиб йўл очган. Кўп машаққатлар тортиб, руҳан эзилган шоир қуйидаги байт билан бошланувчи ғазалини ёзади:
Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму,
Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?!
Мирзо Бобур шеъриятида асосий мавзулардан бири — Ватан мавзуси. У эрта баҳорда Кобул қирларига сайрга чиқади. Табиат жуда гўзал. Шунга қарамай шоир мафтункор табиат қўйнида хотиржам эмас. Ватани томонга кўзлари термилган. Бобур ички оламида кечаётган туғёнларни яшира олмайди. Табиатнинг жозибасига мафтун бўлиб турган ошуфта кўнгил энди ич-ичини тирнаётган ватанжудолик қайғусини унута олмай қийналади. Табиатнинг рангин жилоси — гул ғунчаларининг очилиши гўё унинг қалбида тўпланиб қолган орзунинг рўёбга чиқишидек имконсиз туюлади:
Менинг кўнглумки, гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур,
Агар юз минг баҳор ўлса очилмоғи не имкондур.
Ҳақиқатан ҳам, Мирзо Бобур закий бир инсон сифатида агар юз минг Кобул баҳорларини кўрса ҳам, бу гулнинг ғунчаси (қалб армони) энди очилмоғи имкони йўқ эканини сезарди. Ватан дарди, она тупроқ соғинчи уни бутун умр қийнашини ҳис қиларди.
Бобур Мирзо бутун ҳаёти давомида бошидан кечирган машаққатлар, ташвишлар, ғолиблик ва мағлубиятлардан ҳаётий ҳукм, фалсафий хулоса чиқара олган. Ўзлигини, менлигини топган инсон. Унинг ҳар бир мисрасида ҳаёт ҳикмати мужассам: Жумладан:
Ҳар кимки, вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки, жафо қилса, жафо топқусидур,
Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз,
Ҳар кимки, ёмон бўлса, жазо топқусидур.
Рубоийда ҳаётнинг буюк ҳақиқати очиб берилган. Яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузликнинг абадий кураши қонунияти тасвирланган. Яхши киши ёмонлик кўрмайди, ёмон киши жазо топиши муқаррар. Бу каби содда жумлаларда ҳаётнинг асл моҳияти нима экани англашилади. Инсон ўз ҳаётини нималар асосига қуриши кераклиги шу рубоийда ёрқин кўрсатиб ўтилади.
У бир шеърида:
Отани чунки қибла дебтурлар,
Қибла янглиғ анга назар қилғил.
Ота оғритма, эй отам, зинҳор,
Ота озоридин ҳазар қилғил,
деб ёзади. Ушбу шеърда ахлоқий-фалсафий мазмун етакчилик қилади. Ота улуғланади. Донишмандлар падарни қиблага тенглаштирганликларини эслатиб, фарзандга ўгит беради. Отага қиблага қарагани каби назар қилиш лозимлигини уқтиради. Бу назар қандай бўлади? Қиблага пок қалб, юксак эътиқод, ҳалол амал билан сажда қилинади. Демак, муаллиф отага ана шундай эътиқод билан итоат этиш кераклигини таъкидлайди.
Ҳинд тарихчиси Р. Натҳнинг фикрига кўра, ўзининг 47 йиллик умрининг 36 йилини жангу жадалларда ўтказган Бобур Мирзо аслида осойишталик, тинчлик одами эди. Буни Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга қолдирган васиятномаси ҳам тасдиқлайди. Унда Ҳиндистонни бошқаришга оид ўгит-маслаҳат, йўл-йўриқлар бўлгани учун бу васиятнома махфий саналган ва “Махфий васиятнома” деб юритилган. Бобур Мирзо 1529 йил 11 январда Дҳолпур яқинидаги “Боғи Нилуфар”да турганида бу васиятномани ёзган. Буюк шоирнинг “Махфий васиятнома”сидаги “подшоҳлик ишларини пухта қилиш учун ҳазрат Амир Темур соҳибқироннинг ишларини кўз олдингизда тутинг”, деган сўзлари фақатгина ўғли Ҳумоюнга нисбатан эмас, балки бугунги оммавий таҳдидлар кўпайган вақтда Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаши керак бўлган авлодларга қарата айтилган васиятдек жаранглайди, назаримизда.
Ёшларимизга инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, сабр-қаноат, меҳнатсеварликни сингдиришда Бобур Мирзонинг ҳаёт йўли катта сабоқ бериши, шубҳасиз. Бу инсондаги адолатпарварлик, жасорат, қатъиятлилик, мардонаворлик каби сифатлар барчамизга ибратдир.
Марғуба АБДУЛЛАЕВА,
филология фанлари доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг