Буюртмачи тўлов интизомини бузди ва тадбиркор солиқдан қарздор бўлиб қолди. Масалага адлия органи аралашишига тўғри келди
Иллюстратив фото
Наманган вилояти Уйчи туманида фаолият олиб бораётган «Простор» масъулияти чекланган жамияти қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланади. Тартибли иш олиб боришга одатланган тадбиркорлик жамоаси туман халқ таълими бўлими билан муносабатларда муаммога дуч келди. Гап шундаки, буюртмачи бажарилган ишлар учун тўловни пайсалга солгани натижасида бинокорлар иқтисодий жиҳатдан бирмунча оғир аҳволга тушиб қолишди. Ҳақини ундира олмаган МЧЖ раҳбари Мирзоҳид Анорбоев сўнгги чорани қўллаб Уйчи туман адлия бўлимига йўл солди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида «Простор» МЧЖ ва жавобгар Уйчи туман халқ таълими бўлими ўртасида 2020 йил 12 ноябрда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш бўйича 1 миллиард 186 миллион 918 минг 969 сўмлик қийматда шартнома имзоланган бўлиб, унга кўра даъвогар субъект Уйчи туман халқ таълими бўлимига қарашли 26-мактаб биносида юқоридаги суммада қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаргани, бироқ иш ҳақи шартномада белгиланган муддат ичида тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмагани аниқланади. Бунинг натижасида ижрочи субъектнинг солиқдан анчагина қарздорлиги вужудга келган.
Адлия бўлими томонидан қўшимча ўрганиш чоғида мутахассис бажарилган ишларнинг қиймати ҳисобидан тўлангандан суммадан ташқари яна 404 миллион 119 минг 641 сўм қолаётгани, ҳозирда шу суммани ундириш лозимлиги ҳақида хулоса беради.
Амалдаги тартибдан келиб чиқиб, туман адлия бўлими «Простор» масъулияти чекланган жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда Учқўрғон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди. Ариза қаноатлантирилиб, жавобгар - Уйчи тумани халқ таълими бўлимидан тадбиркор фойдасига 404 миллион 119 минг 641 сўм қарзни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг