Буюк Британия қироли Карл III яна саратон касаллигидан азият чекмоқда. Унинг аҳволи қандай?

00:04 29 Март 2025 Дунё
196 0

Фото: Reuters

Буюк Британия қироли Карл III саратон касаллиги туфайли яна касалхонага ётқизилди ва у иштирок этиши керак бўлган барча тадбирларни бекор қилинди. Аниқ нима содир бўлганлиги ҳақида хабар берилмаган. Букингем саройининг расмий баёнотида фақат даволаниш пайтида юзага келган баъзи ножўя таъсирлар қайд этилган.

Қиролда қандай ўсимта топилгани ҳозирча номаълум. Яқинда у ишга қайтишга ваъда берганди. Маълумки, саратон касаллиги туфайли у таъмни фарқлаш қобилиятини йўқотган. Бундан ташқари, шифокорлар унга қизил гўштни истеъмол қилишни тақиқлаган.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Карл III 2024 йилнинг 17 январидан бери саратон касаллигидан даволанмоқда.

2024 йилнинг 26 январь куни Карл III простата катталашгани сабабли касалхонага ётқизилиб, 29 январгача муолажа олганди чиқди.

2024 йилнинг 5 февралида яна касалхонага ётқизилган қиролга хавфли ўсма ташхиси қўйилган. Букингем саройи қирол амбулатор сифатида даволанишини эълон қилди. Айни шу куни ўша пайтдаги Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Карл IIIда саратон касаллиги эрта босқичда аниқланганини маълум қилди.

2024 йилнинг 10 февраль куни қирол халққа мурожаат қилиб, «кўплаб қўллаб-қувватлаш хабарлари ва яхши тилаклар» учун миннатдорчилик билдирди.

2024 йилнинг 26 апрель куни қирол ишга қайтиши ва оммавий тадбирларда иштирок этиши расман эълон қилинди.

2024 йилнинг 30 апрелида у касалхонага ётқизилганидан кейин биринчи марта омма олдида чиқиш қилди. У рафиқаси билан Лондондаги тиббиёт марказига ташриф буюриб, шифокорлар ва беморлар билан суҳбатлашди.

2024 йилнинг 13 май куни кимётерапия туфайли Карл III таъмни ҳис қилиш ва фарқлаш қобилиятини йўқотгани маълум бўлди. Буни у Хемпширдаги Армия ҳаво корпуси музейида фахрий билан суҳбат чоғида тан олди.

2024 йилнинг 28 ноябрь куни касаллик туфайли қирол парҳезга ўтиши ва қизил гўшт истеъмолини чеклаши кераклиги маълум бўлди. Бу ҳақда Буюк Британия қироличаси Камилланинг ўғли Том Паркер-Боулз хабар берди.

2024 йилнинг 20 декабрь куни Букингем саройи қирол Карл III саратон касаллигини даволашни 2025 йилгача давом эттиришини расман эълон қилди.

Жорий йилнинг 27 март куни қирол кутилмаганда саратонни даволашнинг ножўя таъсири туфайли касалхонага ётқизилгани маълум бўлди. Шу боис яқин кунлар учун режалаштирилган барча тадбирлар қолдирилди. 28 мартда у касалхонадан чиқди ва Лондондаги қароргоҳига қайтди. Машинада ўтиб кетаётиб, қирол жилмайиб, йиғилганларга қўл силтади.

Қиролнинг кўплаб қариндошлари саратон касаллигидан азият чеккан. Хусусан, қиролича Викториянинг икки фарзандида хавфли ўсмалар топилган. Унинг тўнғич ўғли, қирол Эдвард VII нинг бурнидан базал ҳужайрали карсинома (тери саратонининг бир тури) олиб ташланди. Шундан кейин у яна уч йил яшаган. Унинг синглиси малика Виктория кўкрак саратони билан касалланган.

Саратон касаллиги қиролича Елизавета IIнинг отаси ва Карл IIIнинг бобоси Жорж VI фойдасига тахтдан воз кечган қирол Эдвард VIIIда ҳам аниқланган. 1971 йилда унга томоқ саратони ташхиси қўйилган.

Карл III нинг бобоси қирол Жорж VI ҳам қаттиқ чекувчи эди. 1951 йилда унга ўпка саратони ташхиси қўйилган. 1951 йилнинг сентябрь ойида унинг чап ўпкасидаги хавфли ўсма олиб ташланди, аммо бу касалликнинг ривожланишини бир неча ойга кечиктирди. У 1952 йил 6 февралда вафот этади. Жорж VIнинг рафиқаси ва Карл IIIнинг бувиси, қиролича Елизавета онасида ҳам бир нечта хавфли ўсмалар аниқланган. 1966 йилда унинг йўғон ичагидаги, 1984 йилда эса кўкракдаги хавфли ўсма олиб ташланади. Шунга қарамай, у 101 йил яшаган.

Қирол Карл III ҳозир 77 ёшда. У Буюк Британия тахтига 2022 йилда онаси қиролича Елизавета II вафотидан кейин ўтирганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?