Буюк Британия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди

13:03 20 Февраль 2025 Сиёсат
205 0

Буюк Британия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ушбу қарор Ўзбекистоннинг халқаро савдо тизимига интеграциялашувини кучайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди. Буюк Британиянинг бундай қўллаб-қувватлаши, албатта, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилиши мумкин.

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўруновнинг Лондонга ташрифи ташкил этилди. Ташриф давомида Азизбек Ўрунов Буюк Британия бизнес ва савдо вазирининг ўринбосари Гарет Томас ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва экспертлар билан музокаралар олиб борди.

Учрашувларда Буюк Британия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорларидан бири сифатида кўришини ва Тошкент билан ҳар томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди. Бу Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Музокараларда халқаро савдодаги замонавий тенденсиялар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Буюк Британия ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонга техник ёрдам кўрсатишни кенгайтириш, Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган иқтисодий ўсиш ва ривожланиш дастури орқали мутахассисларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ва халқаро савдо соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга келишиб олинди. Бу эса Ўзбекистоннинг ЖСТ талабларига мос равишда ўз иқтисодий сиёсатини янада такомиллаштиришига хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи 1998 йилда ташкил этилган. Шунга қарамасдан, кейинги йилларда бу жараён секинлашиб, 2005 йилларнинг ўрталарида халқаро экспертлар билан учрашувлар тўхтаб қолган эди.

2020 йил июль ойида ўтказилган ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши билан жараён расман қайта тикланди. Шундан сўнг 2022 йил июнь, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида яна учта учрашув бўлиб ўтди. Бу учрашувлар давомида Ўзбекистон ЖСТ талабларига мос равишда ўз қонунчилигини уйғунлаштириш бўйича муҳим қадамлар ташлади.

2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказган ва унда ЖСТ раҳбари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги ҳаракатларини юқори баҳолаган ва ташкилот котибияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?