Бувайда анжири заволга юз тутмаслиги керак

16:03 24 Август 2022 Жамият
831 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Бувайда тумани уста ҳунармандлари, миришкор деҳқонлари билан машҳур. Фарғона водийсида туманнинг Оққўрғон қишлоғи азалдан анжири билан танилган.

Оққўрғонда асосан сариқ анжир экилади. Илғор томорқачилар кейинги йилларда нок анжир, қора анжир навларини кўпайтиришга ҳам ҳаракат қилишяпти. Аммо кейинги йилларда туманнинг ўзига хос брендига айлаган анжир етиштиришга бўлган қизиқиш тобора пасайиб бораётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

— Маҳалладаги 643 та хонадонда 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Оққўрғон” МФЙ раиси Шерали Жўраев. — Аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари тасарруфида 4 гектардан ортиқ анжирзорлар бор. Афсус, кейинги йилларда даромад салмоғи камайиб бораётгани учун кўпчилик оилалар анжир дарахтларини кесиб ташламоқда.

“Оққўрғон” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Жавлон Имомовнинг таъкидлашича, деҳқончилик маҳалланинг асосий “драйвер”ларидан бири сифатида белгиланган. Маҳалладаги деярли ҳар бир оила тақдири бевосита анжирчиликка боғлиқлиги боис ушбу тармоқни замонавий мезонлар асосида ислоҳ этиш зарур.

Хурсанали Хидиров узоқ йиллардан буён анжир етиштириш билан шуғулланади. Бу оила аъзолари Оққўрғонга ёндош ҳудуд – Чўтака маҳалласида 50 сотих ерда анжирзор ҳам ташкил этган. Анжирдан мазкур оила ҳар йили ўртача 40 миллион сўм даромад олади.

— Анжир меваси узоқ масофага ташиш ва сақлашга яроқсиз. Узилгандан кейин атиги бир кун сақлаш мумкин, — дейди Хурсанали Хидиров. — Шу боис анжир асосан ички бозорга сотилади. Экспорт қилиш имконияти йўқ.

Тўғри, оила бекалари томонидан тайёрланадиган анжир мураббоси жуда ҳам харидоргир. Лекин Оққўрғонда умумий ҳосилнинг нари борса 10-15 фоизи мураббо қилинади. Ҳудудда анжирни саноат усулида қайта ишлайдиган корхона ташкил этиш керак.

Фарғона вилояти Бувайда тумани ҳокими иштирокидаги сайёр қабулда Оққўрғонда анжирни қайта ишлашга мўлжалланган корхона барпо этиш масаласи илгари сурилди. Ташаббускор тадбиркор ҳам топилган эди. Аммо бу ташаббус ҳозирча рўёбга чиқмади.

Оққўрғонликлар эса ҳамон кўп йиллик орзулари амалга ошишидан умидвор. Яхши ният билан мутасаддилардан амалий ёрдам кутишяпти. Бундан умидини узганлари анжир дарахтларини кесиб ташлаб, даромади кўпроқ бўлган бошқа деҳқончилик билан шуғулланишни маъқул кўрмоқдалар.

Халқимиз орасида “Жаннат меваси” сифатида эъзозланувчи анжир дарахти совуққа чидамсиз бўлгани учун қишда кўмилади. Об-ҳавонинг кутилмаган инжиқликлари анжир ҳосилига жиддий таъсир кўрсатади. Оққўрғонликлар кейинги йилларда анжирга турли касалликлар тушишидан ҳам азият чекишмоқда.

— Анжир меваси август ойида пишиб, сентябрь ойи охирига қадар сотилади, — дейди оққўрғонлик Мухторжон Қорабоев. — Ҳозирги кунда бозорларимизда 1 кг анжир ўртача 7-8 минг сўм. Эндиликда ҳамқишлоқларимиз унинг даромадидан қониқишмаяпти. Кесилиб кетаётган қадрдон анжир дарахтларини кўриб, йиғлагим келади. Зиёли сифатида ота-боболаримиздан мерос деҳқончилик удуми йўқолиб кетишидан ташвишдаман.

Фарғона вилояти мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича мамлакатимизда етакчи ҳисобланади. Кейинги йилларда вилоятда лимончилик, малиначилик сингари нисбатан янги тармоқларни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Ана шундай шароитда Бувайда деқончилигида ўзига хос қадрият даражасига кўтарилган анжир етиштириш заволга юз тутмаслиги лозим.

Вилоят ва туман мутасаддиларидан бу борада амалий ечим кутамиз.

 

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер